Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм-фан ва инновация соҳасида Ўзбекистон Германия ҳамкорлиги
14:44 / 2023-10-19

Тошкентда “Креатив таълим ва инновациялар – янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остида бўлиб ўтаётган“ InnoWeek.Uz-2023” халқаро инновацион  ғоялар ҳафталиги доирасида “Германия-Ўзбекистон илм-фан куни” халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди.

Ҳафталик доирасидаги тадбирларда нафақат маҳаллий, балки хорижлик мутахассис, экспертлар – хусусан Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси Кичик ва ўрта бизнес корхоналари департаменти директори Й.Бёльман бошчилигидаги делегация вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро ҳафталикнинг бош мақсади илм-фан ва инновация соҳаларидаги янги тадқиқотлар, Германиядаги турли таълим ва тадқиқот дастурларида қатнашиш шарти, “DFG”, “DAAD” каби Германиянинг етакчи илмий-тадқиқот жамғармалари фаолияти, “яшил” инновация, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳақида маълумот беришдан иборат.

Тадбирда Германия Федерал таълим ва тадқиқот вазирлиги Шарқий Европа, Жанубий Кавказ, Марказий Осиё бўлими бошлиғи Габриэль Хермани, Германия ректорлар конференцияси бўлим бошлиғи Рудольф Смоларич, Руруниверститети Шарқий Европа, Марказий Осиё билан алоқалар бўйича директор Елена Реш сингари Германиянинг 10 дан зиёд нуфузли ташкилотларидан спикерлар сўзга чиқди.

Халқаро илмий конференцияда Ўзбекистоннинг 50 га яқин олий таълим муассасаси ва илмий тадқиқот институтидан 100 га яқин мутахассис қатнашди.

Германия тадқиқот фонди билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда тадқиқот устуворлиги ва молиялаштириш дастурлари бўйича маълумот алмашилди. Келажакда Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари лойиҳаларига грантлар жалб қилиш масаласи таҳлил қилинди.

Германия-Ўзбекистон қўшма тадқиқот лойиҳаларига бағишланган халқаро семинарда Германиянинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгаришининг таъсири, қайта тикланувчи энергия, аҳоли саломатлиги, маданий ёдгорликларни сақлаб қолиш каби қатор йўналишларда олиб борилаётган қўшма лойиҳалар тўғрисида фикр алмашилди. Анжуманда 10 дан ортиқ қўшма лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашди, стратегик режалаштириш ва лойиҳа салоҳияти бўйича музокара олиб борилди. Жумладан, Лейбниц қишлоқ хўжалиги ландшафтини ўрганиш маркази ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти вакиллари ўртасидаги Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароитида сув, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун барқарор сув тежовчи ирригация технологиялари қўшма лойиҳаси таништирилди.

Германия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Орол денгизи ҳавзаси мисолида туздан зарар кўрган ҳудудлар учун ноанъанавий тузга чидамли экинлар орқали барқарор ва самарали деҳқончилик тизимини ривожлантириш қўшма лойиҳаси қизғин мулоҳазага сабаб бўлди. Ҳозирги кунда табиий муҳитнинг инсон таъсирида ўзгариши, жонли ва жонсиз унсурларга кучли антропоген таъсир маҳаллий, минтақавий ва умумжаҳон экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу нуқтаи назардан айни таъсирлар оқибатида минтақавий экологик инқирознинг энг хавфли нуқтасига айланган “Орол муаммоси”га урғу берилди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА