Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида (аввалги Навоий давлат кончилик институти) мазкур олий таълим муассасаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан VI халқаро илмий-техник конференция бўлиб ўтди.
“30 йиллик тажриба – 30 йиллик инновация” шиори остида ўтказилган мазкур анжуман “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусини қамраб олди.
Унда Туркия, Россия, Германия, Венгрия, Хитой, Малайзия Қозоғистон каби 10 дан ортиқ мамлакатнинг етакчи университетларидан 50 нафарга яқин таниқли олимлар ва хорижий компанияларнинг вакиллари билан бир қаторда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дастлаб университет олимлари томонидан эришилаётган ютуқлар эътироф этилиб, уларга миннатдорчилик билдирилди. Жумладан, яқинда Президентимиз фармонига кўра, “Металлургия” кафедраси профессори Хайрулло Ҳамидов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлса, муҳандислик кўрик танловида иштирок этган “Агрономия” кафедраси доценти Аслиддин Шодиев “Энг яхши ихтиро” йўналишида 1-ўринга ҳамда “Президент совғаси” BYD автомобилига, “Ноёб ва радиоактив металллар рудаларини қазиб олиш ва қайта ишлаш” кафедраси катта ўқитувчиси Суҳроб Ҳамидов “Энг яхши лойиҳа” йўналишида 2-ўринга сазовор бўлган эди. Шунингдек, университет қошидаги академик лицейининг 19 нафар ўқувчиси 2025-2026 ўқув йилида энг юқори балл билан юртимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
[gallery-25470]
– Конференция доирасида мавжуд муаммоларнинг илмий ечимлари ва уларни саноат корхоналарига жорий этиш механизмлари муҳокама қилинди, – дейди Аслиддин Шодиев. – Бундай тадбирлар биз каби ёшларни илм йўлига қизиқтириш, илмий изланишларни давом эттириш ва соҳадаги янгиликларга ҳисса қўшишга илҳомлантиради. Яқинда ўтказилган муҳандислик танловида профессор-ўқитувчилар тоифасида 1-ўринни эгалладим. Тақдим этган ихтироим орқали Навоий вилоятида, ҳатто республика миқёсида ҳам чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва юқори иқтисодий самарадорликка эришиш имконияти яратилади.
Маълумки, Зарафшон воҳаси йирик индустриал ва маданий марказ ҳисобланиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бу ҳудуд нафақат кон-металлургия, кимё, энергетика, машинасозлик ва қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи етакчи саноат корхоналари, балки ўзининг ер ости бойликлари билан ҳам машҳур саналади.
Шу боис воҳада саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмаларни кенг қўллаш, минтақа муаммоларини ҳал этишда фан, ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда хориж ва Ўзбекистон олимларининг фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар борасидаги ютуқлари, фан ва техниканинг долзарб муаммолари муҳокама қилиниб, Зарафшон воҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Конференция доирасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
– Мен Малайзиянинг Келантан университетидан ташриф буюрдим, – дейди доктор Абдул Ҳафиз Юсуф. – Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Яқинда меморандум имзоладик ва шу асосида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйиляпти. Университетларимизнинг бу яқин ҳамкорлиги, аслида давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муҳим бўлаги саналади. Бугунги конференция ўзаро тажриба алмашишда турли давлатлардан келган олимлар учун самарали платформа вазифасини ўтамоқда.
Анжуманда иштирокчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимёвий технологиялар, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари ва истиқболлари, қишлоқ хўжалиги, экология каби тармоқ ҳамда соҳалар фаолиятига бағишланган илмий маърузалар қилди. Шунингдек, университет ҳудудида ташкил этилган олимларнинг ихтиро ва амалий ишланмалари кўргазмаси билан ҳам танишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hdksEQ9vsT4" title="Ilm-fan va innovatsiya: 30 yillik taraqqiyot yo‘li" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари