Ҳар бир инсон ҳаётида энг биринчи билимни ўз онасидан олади. Онанинг ўргатганлари бола онгида бир умр сақланиб, келгусида унинг тарбияси, муваффақиятларида асқатади.
Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ҳуқуқий мавқеини юксалтириш, оила институтини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда амалда изчил татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида ўтказилган “Илм-фан ривожланишида хотин-қизларнинг ролини ошириш” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда 100 га яқин вазирлик, идора ходимлари, соҳа экспертлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
[gallery-16176]
Экспертлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларни илм-фанга жалб этиш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтишди.
Мисол учун, Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4 минг 760 нафар хизматчининг 40 фоизини, яъни 1 минг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланишлар билан машғул 2 минг 146 нафар тадқиқотчидан 695 нафари ҳам аёллардир. Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айниқса фаол изланмоқда.
Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки юқори. Шу билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган 440 минг 959 нафар талабанинг 45,9 фоизи хотин-қизлардан иборат.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди.
— Ҳозирги кунда “Давлат хизмати раҳбар кадрларини бошқарув салоҳияти механизмларини такомиллаштириш” мавзусида илмий изланишлар олиб боряпман, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси менежмент назарияси ва амалиёт кафедраси иккинчи босқич таянч докторанти Зиёда Рафиқова. — 26 ёшимда ҳам оналик бахтига эришганим, ҳам олима аёллар сафида меҳнат қилаётганим мен учун катта бахт. Ўзбекистонда аёлларга ўқиб-изланишлари учун ҳамиша имкониятлар эшиги очиқ. Бундан барчамиз фойдаланишга ҳаракат қилсак, юртимизда олима аёллар сафи янада кўпаяди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OiHmHbGRiEw" title="Ilm-fan rivojida xotin-qizlarning roli qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА