Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.
Бугун Тошкент шаҳрида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлб ўтди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари барчани Мустақиллик байрами билан табриклади. Мамлакатимизда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.
Маросимдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров билан суҳбатлашдик.

– «Олий Даражали Имом Бухорий» орденини давлатимиз раҳбарининг қўлидан қабул қилдик. Буюк бобомиз номидаги ушбу орденни мамлакатимиздаги барча илм-фан, таълим-тарбия, маданият соҳаси ходимларига ҳамда диний уламоларга берилган катта мукофот деб биламиз. Шу ўринда мамлакатимизда динимизга, халқ фаровонлигига, ёшлар камолотига бўлаётган эътибор ҳақида қисқача тўхталмоқчиман.
Пойтахтимизда қад ростлаган муҳташам Ислом цивилизацияси марказидаги бугунги манзарани кўз олдингизга келтиринг. Бу қандай даргоҳ бўлишини ҳис қилишнинг ўзи кишини тўлқинлантиради. Динимиз цивилизациясининг, ислом таълимотининг асоси илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядан иборатдир. Бу марказнинг бош ғояси ҳам шудир. Энг муҳим томони, мамлакатимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда мужассам бўлмоқда. Келгусида бу даргоҳ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўради. Ислом тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини янада теран англайди. Бунда халқимизнинг дунё тамаддунига қўшган тенгсиз ҳиссаси намоён бўлади.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари яқинда Самарқандга бордилар. Ташриф давомида эзгу анъанага мувофиқ, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Маълумки, буюк муҳаддис бобомизга бутун ислом оламида эҳтиром жуда баланд. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш истагида бўлганлар жуда кўп. Шу боис бу даргоҳда ҳам шарт-шароитларни яхшилаш мақсадида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилди. Мақбаранинг ўн минг кишилик масжид ва маъмурият биноси қуриб битказилди. Баланд миноралар эса унга маҳобат бағишлайди. Президентимиз бу мажмуа фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши кераклигини кўп таъкидлайдилар. Буюк бобомизнинг бебаҳо изланишлари ва билими бу ерга келувчиларни ҳайратга солиши шубҳасиз.
Бугун юртимизда мана шундай хайрли амаллар кенг қулоч ёзган. Бу каби янгиликларни яна кўп санаш, аниқ мисоллар келтириш мумкин. Улуғ алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганар эканмиз юртимиз тараққий этаверади. Ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳикмат кўп.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.