Мамлакатимизда илм-фан соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарор қабул қилингани илм-фан ривожида янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уни Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Ҳилола Умарова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, академик ва олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари директорлари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Мулоқот давомида мамлакатимиз илм-фани соҳаси олдига қўйилган муҳим стратегик мақсадлар ҳамда Фанлар академияси фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарор ижросининг устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, янги қарор Ўзбекистон илм-фани ривожида мутлақо янги босқични бошлаб бериши билан алоҳида аҳамият касб этади. Унда Фанлар академияси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган аниқ истиқболли йўналишлар ва самарали механизмлар белгилаб берилган.
Давлат тараққиётида илм-фаннинг ўрни беқиёс эканини инобатга олган ҳолда, қарорда илмий-тадқиқот муассасаларининг салоҳиятини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фан–таълим–ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса Фанлар академияси зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Хулоса ўрнида айтганда, янги ҳужжат Фанлар академияси фаолиятини янги мазмун билан бойитиб, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда ёш олимлар учун кенг имконият яратишга хизмат қилади. Муҳими, қарор ижроси натижасида фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, жараён мамлакатнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Камола Юсупова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА