Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм-фан дипломатияси: янги босқич
15:47 / 2026-03-04

Бугун олий таълим тизимида рақобат нафақат аудиториялар ёки рейтинглар, балки халқаро майдондаги ҳамкорлик кўлами билан ҳам ўлчанади. Шу маънода, Jizzakh Sambhram Universityда Óbuda University ректори, профессор Koвач Левентенинг ташрифи оддий протокол тадбири эмас, балки стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида намоён бўлди.

Замонавий таълим глобал интеграциясиз тараққий этмайди. Илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар, академик алмашинув дастурлари — буларнинг барчаси халқаро шериклик орқали янги сифат босқичига кўтарилади. Будапештда жойлашган нуфузли университет раҳбарининг Жиззахга ташрифи икки олийгоҳ ўртасидаги муносабатларни расмийлаштиришдан кўра кенгроқ маъно касб этди. Бу — тажриба алмашиш, илмий мактаблар ўртасида боғлиқликни кучайтириш ва таълим мазмунини халқаро стандартлар асосида бойитиш имкониятидир.

Профессор Ковач Левенте — электр ва биомедицина муҳандислиги, бошқарув назарияси соҳасида халқаро миқёсда тан олинган олим. Илмий марказ ташкил этгани ва университет раҳбари сифатидаги тажрибаси уни стратегик фикрловчи академик лидер сифатида намоён этади.

[gallery-27959]

— Бугун университетлар ёпиқ тизимда ривожлана олмайди. Илм-фан чегара тан олмайди, шунинг учун ҳамкорлик — танлов эмас, эҳтиёждир, — деди  хорижлик профессор. — Жиззахда биз фақат меморандум имзолашни эмас, балки қўшма тадқиқотлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви орқали аниқ натижа берадиган шерикликни йўлга қўйишни мақсад қиляпмиз. Айниқса, муҳандислик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имконияти катта. Бу ҳамкорлик ҳар икки университетнинг халқаро академик майдондаги нуфузини мустаҳкамлайди.

Ўзаро англашув меморандумини имзолаш режаси қўшма илмий лойиҳалар, академик алмашинув ва инновацион дастурларни жорий этиш имкониятларини кенгайтиради. Бу таълим сифатини ошириш, илмий изланишларни халқаро даражага олиб чиқиш ва ёш тадқиқотчилар учун янги майдон яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу жараён университетнинг глобал академик тармоқлардаги иштирокини кучайтиради.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jsx2t042CMk" title="Ilm-fan diplomatiyasi: yangi bosqich" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Университет кенгаши томонидан профессорга “Фахрий доктор” унвонини бериш ташаббуси илмий эҳтиром ифодаси бўлиш билан бирга, стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қадамдир. Бу қарор рамзий эмас, балки узоқ муддатли ҳамкорликни институционаллаштиришга хизмат қиладиган амалий қадам сифатида аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ташриф университет тарихидаги навбатдаги протокол тадбири эмас. У — илм-фан дипломатияси орқали янги имкониятлар эшигини очишга қаратилган онгли ва истиқболли қадамдир.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари