Бугун ҳеч иккиланмай айтиш лозимки, аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш ва бунинг натижасида юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун давлатимиз томонидан барча чоралар олиб борилмоқда.
Бунда ҳудудлардаги мавжуд масалалар ҳамда одамларни қийнаб келаётган муаммолар билан ишлашда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир.
Муҳтарам Президентимиз бошчилигида ўтказилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айни йўналишларга доир муҳим фикрлар билдириб ўтилди.
Мен ушбу селектор йиғилишини маҳалла, хотин-қизлар ва нуронийлар ҳаётидаги муҳим ўрин тутувчи тарихий йиғилиш, деб аташни ҳамда унинг соҳадаги катта бурилиш даврини бошлаб берганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Ушбу йиғилишда тилга олиб ўтилган энг муҳим жиҳатлардан бири, бу хотин-қизлар ҳаётини янада яхшилаш, уларнинг бахтли яшашлари ва меҳнат қилишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш масаласидир.
Президентимиз таъкидлаганларидек, эндиликда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётда ўз ўринларини топиб, бахтли ҳаёт кечиришлари учун ниҳоятда мукаммал тизим яратиб берилади.
Давлатимиз раҳбари аёллар ва қизларимиз ҳаётига доир муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтар экан, “...агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади», дея айтиб ўтдилар.
Албатта, жамиятнинг тўла-тўкис ривожи, оилаларимизнинг тинч-тотувлиги, фарзандларимиз камоли бевосита хотин-қизларимизнинг турмуш ҳаёти, ўй-кечинмаларига боғлиқ.
Оилада аёл бахтли бўлмас экан, хонадонларимиздаги тотувлик, маҳаллалардаги ўзаро ҳамжиҳатлик анъаналарига путур етади.
Шу маънода Муҳтарам Президентимиз қайта-қайта таъкидладиларки, “энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади».
Уларнинг таълим олишлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, бир сўз билан айтганда ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун давлат томонидан катта молиявий ресурслар ажратилади.
Яъни хотин-қизларга яратилган имтиёзларни амалга ошириш учун давлат томонидан 25 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Энди ўзингиз айтингчи, қачон аёлларимиз ва қизларимиз учун бу каби эътибор, бу каби қўллаб-қувватлашлар бўлган? Менимча, ҳеч қачон.
Аммо афсус билан тан олишим керакки, берилаётган улкан имкониятлар ва эътиборга қарамасдан аёллар ўртасидаги жиноятчилик, оилада зўравонлик, тазйиқ, оилавий ажрим ҳолатлари сақланиб қолмоқда.
Эндиликда мазкур салбий иллатларга қарши курашиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва айниқса нуронийлар салоҳияти ҳамда катта ҳаётий тажрибаларидан янада самарали воситалар орқали фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Ахир бир ўйлаб кўрайлик, ҳаётимизнинг мазмуни наслимиз давомчиларини тарбиялаётган, ёруғ келажагимизни таъминлашга ҳисса қўшаётган аёллар, оналарга боғлиқ эмасми?
Аёл — бу энг аввало, Она. Оналар ҳақида буюк ижодкорларимиз қандай гўзал асарлар, шеърлар яратишган. Аёлни, онани ҳар сўзида, ҳар мисрасида гўзал таъриф билан эъзозлашган. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтганларидек, «Жаннат оналар оёғи остидадир».
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-81-сон Фармони айтиш керакки мазкур жараёнларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ва долзарб аҳамият касб этди.
Фармон асосида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилганлиги юртимиздаги нуронийларнинг олдига жуда катта масъулият ва вазифаларни қўйганлигини англатади.
Шу сабабли эндиликда нуроний ва кексаларимиз маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга янада фаол иштирок этади. Улар бу жараёнларга кенг жалб этилади.
Вазирлик шунингдек, ўз функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўради.
Айтиш керакки, юртимизда 3 миллионга яқин нуронийлар бор. Албатта, бу жуда катта куч. Бугун давлатимиз томонидан биз нуронийларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрликни бошқа бирон давлатда учратиш мушкул.
Шуни инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз нуронийлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимиз таълим-тарбия сифатини оширишда маҳалла ходимларига камарбаста бўламиз. Улар билан бир сафда турган ҳолда, ўз маҳалламиздаги муаммоларни ҳал этишга жонбозлик кўрсатамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги нуронийлар, кайвонилар ва маҳалла фаолларини бошланган мазкур хайрли ташаббусда янада фаол ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақириб қоламан.
Содиқжон ТУРДИЕВ,
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари