Бундан бир ой аввал муқаддас сафарга отланган Наманган вилояти зиёратчилари Ҳаж зиёратини ёруғ юз билан, мукаммал тарзда адо этдилар. Мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлашга қаратаётган давлат сиёсати натижаларидан баҳраманд бўлган ҳожиларимиз юртимизга шукроналик кайфиятида қайтмоқда.
Наманган халқаро аэропортида зиёратчиларни кутиб олиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан парвозга кўтарилган “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг ҳаво кемаси 245 нафар наманганлик зиёратчини юртимизга олиб келди.

Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи ёрқинроқ уфуриб турган ҳожилар жамоасини Наманган вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва тегишли масъул ташкилотлар мутасаддилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.
Наманган туманидаги Муллакудинг қишлоғининг пиру бадавлат нуронийси, маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат авлодининг давомчиларидан бири, қарийиб эллик йил давомида коммунал хизмат кўрсатиш идорасида оддий ишчи бўлиб ҳалол меҳнат қилган 108 ёшли Иброҳим ота Хўжаевнинг қалб қўридан чиққан миннатдорлик изҳори тўла дуолари барчани мамнун этди.

Эътироф этиш жоиз, ҳожиларимиз муборак заминда Аллоҳнинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этди. Мамлакатимиз томонидан фуқароларни Ҳаж зиёратига тайёрлаш, жўнатиш, муқаддас сафардаги амалларни бажариш, тиббий ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳамда она Ватанимизга қайтиш билан боғлиқ жараёнларда юксак даражада қулайликлар яратилди. Ўз навбатида, бу йилги Ҳаж мавсуми давомида юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмон давлатларнинг ҳаваси келди. Айниқса, Ўзбекистон Президентининг зиёрат давомида муфтий ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ўз фуқароларидан ҳол сўрагани хорижий оммавий ахборот воситаларининг назарига тушди.

Зиёратчиларимиз Маккадан соғу саломат қайтишгани ва яқинлари дийдорига етишгани учун шукрона келтириш асносида, халқимиз фаровонлиги, давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ишларни янада хайрли бўлишини сўраб, дуолар қилинди. Эндиликда ҳожилик бахтига муяссар бўлган ҳамюртларимиз жамиятда барчага ўрнак бўлиб, ёш ўғил-қизларни илму маърифатга чақириш, одамларни савобли юмушларга чорлаш, оилаларда соғлом ахлоқий муҳитни қарор топтириш ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишда ташаббус кўрсатадилар.

– Узоқ йиллардан буён турмуш ўртоғим билан биргаликда тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб келамиз. Яратганга шукр, насибамиз қўшилиб, аёлим билан биргаликда Ҳаж зиёратини бажариш насиб этди, – дейди Наманган туманидаги “Erkinjon medical” коло проктология шифохонаси олий тоифали врачи Нурулло Эргашев. – Муаззам манзилларда бизга яратилган шароитлар кутганимиздан аъло даражада бўлгани учун ҳам амалларни холис ниятда бекаму кўст бажардик. Аслида, ҳожилик рутбасиданда кўра, шу мақомга бир умр содиқ туриш мушкул. Биз Президентимизнинг ғамхўрликларига жавобан, эндиликда ўз ҳудудимизда маҳалладошлар ва ҳамкасбларимизни эзгуликка эргаштириб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшамиз.
Аэропортдаги кутиб олиш маросимидан сўнг ҳожиларнинг илк гуруҳи махсус бириктирилган шинам автобусларда яшаш ҳудудлари – Наманган, Учқўрғон ва Поп туманларига кузатиб қўйилди.
Маълумот ўрнида, “Ҳаж-2025” дастури доирасида Наманган вилоятидан 1648 нафар фуқаро муқаддас амалларни бажарди. Зиёратчилар шу йилнинг 24 июнига қадар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони авиакомпанияларининг жами 9 та рейсида “Жидда – Наманган” йўналиши бўйича Ватанимизга қайтадилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.