Сирдарёда илк марта юракда аорта-коронар шунтлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Амалиётни В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Рустам Ярбеков ўз жамоаси ва Гулистон тиббиёт кластерининг малакали мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Акмал Уролов билан бирга маҳорат дарси асосида ўтказилди.
—Сирдарёлик бемор юрагига қовурғалараро бўшлиқдан 6-8 см кичик кесма орқали кирилиб, учта юрак қон томирида аорта-коронар шунтлаш амалиёти ўтказилди, — дейди Рустам Ярбеков. — Бу энг хавфсиз ва самарали усул. Бунда кўкрак қафаси ҳамда бошқа соҳаларнинг яхлитлиги сақлаб қолинади, юрак реабилитация вақти қисқаради. Бемор тез ва қисқа вақтда оёққа туради. Энг муҳими, тўш суягининг яхлитлиги бузилмайди. Кўкрак қафасининг анатоми-функционал тузилиши ўзгармайди.

Хуллас, Сирдарёда илк маротаба ўтказилган аорта-коронар шунтлаш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Айни вақтда бемор саломатлиги яхши, шифокорлар назоратида.
– Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган жарроҳлик амалиёти Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги кардиолог ва кардиохирургия соҳаси мутахассислари учун катта янгилик ва ютуқ бўлди, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, эндоваскуляр хирург Хуршид Ҳакимов. — Бундай дейишимга сабаб шу кунгача вилоятда очиқ турдаги жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган беморлар В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказига юборар эдик. Қувонарли томони, жорий йилдан бошлаб юрак туғма нуқсони, юрак-қон томирларини аорта-коронар шунтлаш амалиётларини Гулистонда ўтказишни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун зарур тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Кластернинг янги ва замонавий хирургия блокини қуриш ишлари давом этмоқда. Мутахассисларимиз пойтахтда ва хорижий давлатларда тажриба орттиряпти.

Энг муҳими, Гулистон тиббиёт кластерида юрак соҳаси билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилиши аҳолига катта қулайлик яратади. Жумладан, ихтисослаштирилган тиббий хизмат аҳолига янада яқинлашади, беморлар ва уларнинг яқинлари учун муаммо бўлиб келаётган ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Ш. Суяров, ЎзА мухбири