2025 йил 1 январь ҳолатига Навоий вилоятидаги жами 330 та маҳалладан 201 таситўлиқ ва 113 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 16 та маҳаллага марказлашган ичимлик суви етиб бормаган. Бу ҳақда “Навоий сув таъминоти” АЖ томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айни пайтда “Навоий сув таъминоти” АЖ туман, шаҳар бўлимларида жами 219 минг 957 та истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларнинг 215 минг 17 тасини аҳоли, 4 минг 940 тасини юридик истеъмолчилар ташкил қилади. Шунингдек, ўтган 6 ой давомида давлат дастурлари орқали илк бор ичимлик суви билан таъминланган 3028 нафар истеъмолчи билан шартномалар тузилиб, биллинг базага киритилди.
[gallery-24395]
– Охирги 7 йилда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 39 та маҳаллага илк бор ичимлик суви етказилди. Бундан ташқари, 75 та маҳалладаги мавжуд қувватлар оширилиб, тизимлар қайта реконструкция қилиниши натижасида ичимлик сув таъминоти яхшиланди, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ раҳбари Отабек Зарипов. – Бугунги кунда марказлашган ичимлик суви мавжуд бўлмаган маҳаллаларга ҳудудий бўлимларимизга қарашли жами 11 та махсус сув ташиш техникаларида тасдиқланган режа-графикларга мувофиқ ичимлик сув етказиб берилмоқда. Вилоятда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси жорий йил 1 январь ҳолатига 85,7 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда ичимлик сув тармоқларидан 1125,9 километр қисми 1970-80 йилларда қурилгани боис, шунингдек, мавжуд 8 та оқова сув тозалаш иншоотларидан 3 таси, 380,2 километр оқова сув тармоқларидан 67,7 километр қисми реконструкцияга муҳтож. Юқоридаги мавжуд ҳолатлардан келиб чиқиб, аҳолига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида, жорий йил бошидан тизимларни профилактик эҳтиёт кўрикдан ўтказиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш режаларини иншоотлар, маҳаллалар ҳамда кўчалар кесимида тасдиқлаб олганмиз.
Ўтган ярим йилликда, “Баҳор – ёз” мавсумига тайёргарлик кўриш дастурига асосан жами 5 та сув тиндиргич, 97 та резервуар ҳамда 38 та сув минорасида тозалаш, ювиш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 55 тадан ортиқ насос ускуналари ва 450 километрга яқин ичимлик ва оқова сув тармоқлари таъмирланиб, 311,1 километр узунликдаги оқова сув тармоқларида ювиш, тозалаш ишлари олиб борилди. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудларда 49 та насос ускуналари ва 5,3 километр узунликдаги ичимлик сув тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Тизим ходимлари томонидан мунтазам равишда ичимлик сувидан фойдаланиш ҳолатларини назорат қилиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилиб турилади. Натижада жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 1029 та ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, 459 миллион сўм зарар етказилган. Бугунги кунга қадар эса 218 миллион сўм миқдоридаги зарар тегишли органлар иштирокида ундирилди.
Истеъмолчиларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида соҳада қатор ўзгаришлар, қулайлик ҳамда рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ортиқча сарсонгарчиликларнинг олди олиниб, истеъмолчиларнинг эътирозлари сезиларли даражада камайди. Ҳозирда истеъмол қилинган ичимлик ва кўрсатилган оқова сув хизматлари учун тўловларни онлайн равишда тўлов кассаларига бормаган ҳолда амалга ошириш, истеъмолчи шахсий кабинети (cabinet.uzsuv.uz ва uzsuvbot телеграм боти) орқали истеъмол ҳажмларини онлайн тақдим қилиш ҳамда шахсий маълумотларини кузатиб бориш орқали очиқ-ошкоралик, яъни маълумотларнинг шаффофлиги йўлга қўйилган.
Шунингдек, истеъмолчига маълумотларни интеграция қилиш орқали қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида электрон маълумотномалар тақдим қилинмоқда.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг 2-ярим йиллигида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, 5 километр ташқи ва ички оқова сув тармоқларини тозалаш (ювиш), 8 та оқова насос станцияси ва улардаги насос ускуналарида таъмирлаш ишлари олиб борилади. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудлардаги жами 10,4 километр тармоқ ва 55 та насос профилактик кўрикдан ўтказилиб, 4 та энергия сарфи юқори бўлган сув насослари энергия тежамкор насосларга алмаштирилади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари