Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг «Менинг Конституциям» шиори остидаги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Наманган вилояти Наманган шаҳридаги мусиқали драма театри майдонида бўлиб ўтди.
Партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирокидаги тадбир юзлаб наманганликларни бир ерга жамлади.


Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Улуғбек Иноятов янгиланаётган Конституция мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўташини таъкидлади. Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани жамиятимизда кечаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони оширилгани ва бу фуқароларнинг давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаб, янада фаровон ҳаёт кечиришга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.
Жумладан, янгиланаётган Конституциянинг 47-моддаси билан илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида, шунингдек, таълим масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган бўлиб, 50-моддада ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланмоқда. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаб, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълимни ўз назоратига олмоқда. Тадбирда шу каби нормалар аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Тадбирда сўз олганлар янгиланаётган Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлишига, Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий таянчи, халқимизнинг бирдамлиги ва фаровонлиги кафолатига айланишига ишонч билдирди.
М.Комилова, ЎзА