French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илғор теримчилар ўзаро беллашишди
12:10 / 2025-10-15

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги “Юксалиш” саноат-инновация ҳудудида жойлашган “Аҳрор” фермер хўжалигининг пахта даласида 15 октябрь — "Халқаро қишлоқ аёллари куни" муносабати билан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган илғор теримчилар ўртасида беллашув ўтказилди.

Беллашувда 240 нафар теримчи иштирок этиб, бир кунда 15 тоннадан ортиқ “оқ олтин” йиғиб олинди. Бу кўрсаткич қишлоқ аёлларининг меҳнатга муҳаббати, фидокорлиги ва юрт равнақига қўшаётган ҳиссасининг амалий ифодаси бўлди.

Беллашув натижаларига кўра, Мирзаобод тумани вакили Шаҳноза Турдиева 165 килограмм пахта териб, “Энг илғор теримчи аёл” номинациясини қўлга киритди. Сардобалик Сурайё Маматқулова 159 килограмм натижа билан иккинчи ўринни, Сайхунободлик Нафиса Шойжигитова эса 136 килограмм пахта териб, учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, илғор теримчи аёллар қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам тақдирланишди.

Ширин шаҳридан Ирода Исломова — “Энг тоза пахта теримчиси”, Гулистонлик Мариям Шодмонқулова — “Энг фидоий теримчи”, Оқолтинлик Манзура Қурбонова эса — “Энг ташаббускор теримчи” сифатида эътироф этилди.

Беллашув якунида ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди. Махсус байрамона дастурхон ёзилиб, дилтортар қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Ғулом Примов, ЎзА