Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими ташкил топганининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, солиқ бошқармаси ва видеоконференцалоқа орқали туман ва Термиз шаҳар солиқ инспекциялари ходимлари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклади. Уларнинг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этиб, келгусидаги масъулиятли ишларига омад тилади.


Президентимиз ташаббуси билан тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз ободлиги, хонадонлар файзи ва аҳоли фаравонлиги учун хизмат қилмоқда. Жумладан, солиқларнинг орттириб бажарилган қисми маҳаллий бюджетга йўналтирилиб, бу маблағлар шаҳар, маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш ва бошқа эзгу ишларга сарфланмоқда.


Солиқларнинг ўз вақтида тўланиши кўп жиҳатдан солиқ тўловчиларнинг масъулияти, маданиятига ҳам боғлиқ. Шу мақсадда жойлардаги солиқ инспекторлари ҳудудларда тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бораётир. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган “маҳалла еттилиги” таркибига солиқ инспекторлари бириктирилгани солиқ тушумларининг ўз вақтида тўланишини таъминлашда яхши самара бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят солиқчилари давлат бюджетига белгиланган 2 триллион 63 миллиард сўм ўрнига 2 триллион 105 миллиард сўм маблағ туширди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 118 фоизга ўсди.
Тантанали тадбирда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб, кўп йиллик намунали хизмати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири