Тошкент давлат аграр университетининг ўқув-илмий тажриба хўжалигида “Сабзавотларни етиштиришдаги илғор тажрибалар” мавзусида йирик илмий-амалий дала семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, мазкур олийгоҳ ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Корея, Хитой, Германия, Туркия ва Нидерландия каби хорижий давлатлардан ташриф буюрган етакчи экспертлар, шунингдек Қибрай туман ҳокимлиги ва туманнинг маҳаллаларига бириктирилган барча ҳоким ёрдамчилари, маҳалла ёшлар етакчилари, университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар қатнашди.


Илмий-амалий семинарни ТДАУ ректори Н.Обломуродов кириш сўзи билан очиб, сабзавот экинларни етиштиришдаги илғор илмий тажрибалар ҳақида ахборот берди. Тадбирда энг Илғор тажрибалар, илм-фан ютуқлари, амалий натижалар намойиш этилди. Жараён давомида иштирокчилар карам, гулкарам, брокколи, салат барги, Пекин карами, сабзи ва пиёзнинг янги навлари устида олиб борилаётган тажрибалар билан танишди.
Мутахассислар ҳудудларда фермер ва деҳқонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, амалий ютуқларни оммалаштириш борасида фикр билдирди.


Шунингдек, турли илмий ёндашувлар ва уларнинг амалий натижалари таҳлил қилинди, ҳосилдорликни ошириш усуллари, сабзавотчиликда барқарорликни таъминловчи инновацион технологиялар ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда университет олимлари томонидан карам навлари бўйича 8 та патент олинган бўлиб, бу илмий салоҳиятни оширишга хизмат қилмоқда. Талабалар учун бу каби амалий тажрибалар билимларини оширишга ёрдам бермоқда.


Тадбирда бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар меҳнати эътироф этилиб, ташаккурномалар билан тақдирланди. Университет тажриба хўжалигида етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, иштирокчиларга табиий ва сифатли мева-сабзавотларни харид қилиш имконияти яратилди.
Илмий-амалий семинарнинг бадиий қисмида талаба-ёшлар ижросидаги жонли куй-қўшиқлар, рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА.