Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 2024 йилда ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг биринчи босқич – саралаш имтиҳонлари бошланди.
Ушбу имтиҳонлар икки сменада – соат 10:00 ва 15:00 да бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилда Вазир жамғармасидан ойлик устама оладиган педагогларнинг сони 1250 нафар этиб белгиланди. Шундан 1150 та квота умумтаълим муассасалари педагоглари учун, 100 та квота Ихтисослашган таълим муассасалари педагоглари учун ажратилган.
Мазкур квота “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий ва филология фанлари” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича туман (шаҳар)лар бўйича тақсимланди.
Ушбу квотага номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан тақдим этилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Вазир жамғармасидан ойлик устама олувчи ғолибларни аниқлаш номзодлар орасида икки босқичда амалга оширилади.
[gallery-16029]
Биринчи босқичда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий ва филология фанлар”, “Амалий фанлар” йўналишларида бугун барча ҳудудларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Иккинчи босқичда эса умумтаълим фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тест синовларида максимал балнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади.
Касбий маҳоратини баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баробари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Айтиш керакки, Вазир жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, ушбу жамғарма ҳисобидан Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган малакали педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўлаш кўзда тутилган.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА