“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Туркманистон маданияти кунлари”га бағишланган тантанали концерт дастури бўлиб ўтди.
Тадбирга турли вазирлик ва идоралар, миллий маданият марказларининг вакиллари, Туркманистондан келган меҳмонлар таклиф этилди.
Тантанали тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бу борадаги яхши қўшничилик муносабатлари адабиёт, маданият ва санъат, илм-фан соҳаларида ҳам кўзга яққол ташланмоқда.

– Ўзбекистонда Махтумқулини ўқимаган, Туркманистонда эса Алишер Навоийни мутолаа қилмаган одам йўқ, – деди Республика Туркман миллий-маданий маркази раҳбари Гулдона Авездурдиева. – Турли миллат вакиллари аҳилликда яшаб, меҳнат қилаётган Ўзбекистонимизда туркман диаспораси вакилларининг эмин-эркин яшаши, меҳнат қилиши, ўз анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ўзбекистонда “Туркманистон маданияти кунлари”нинг шундай юқори савияда ўтказилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталари нечоғли мустаҳкам эканини англатади.

– Ўзбекистон дунёга буюк алломалар, мутафаккирлар, улуғ шоирларни етказган диёрдир, – деди Туркманистон давлат санъат институти кафедра мудири, санъатшунос олима Саҳрогул Жанмамедова. – Менинг учун ҳам бу юрт жуда қадрдон ва табаррукдир. Негаки, отам, устозларим Ўзбекистондаги олий ўқув даргоҳларида таҳсил олганлар. Биз таржимонсиз ҳам бир-бирини тушунувчи, илдизлари туташ бўлган қардош, қадрдон халқлармиз.

Тадбирда қардош Туркманистоннинг гўзал ва ўзига хос санъатини намойиш этувчи мусиқий дастур иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова, ЎзА