Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илҳом ва ижодий парвоз ҳафталиги
18:30 / 2020-03-05

Баҳор рассомлар учун табиатнинг энг мафтункор ва гўзал манзараларини шоша-пиша, энтикиб тасвирга туширадиган ўзига хос ижодий палла.

 2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли

иқтисодиётни ривожлантириш йили

Баҳор рассомлар учун табиатнинг энг мафтункор ва гўзал манзараларини шоша-пиша, энтикиб тасвирга туширадиган ўзига хос ижодий палла.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га бағишлаб жорий йилнинг 20-25 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали санъат мухлисларига завқ, ижодкорларга эса илҳом улашувчи лойиҳа бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Мазкур ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати тараққиётида фаол иштирок этиб келаётган ижодкорларни рағбатлантириш, юртимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаларини янада оммалаштириш, ёшларни санъатга жалб этишдир.

Фестивалнинг юқори савияда ўтишида Бадиий академия билан биргаликда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар, “Тасвирий ойина”, “Ҳунарманд“ уюшмалари, Ўзбекистон ижодкорларни қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси каби ташкилотлар муносиб ҳисса қўшиши кўзда тутилган.

Анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг тантанали очилиш маросими Бадиий кўргазмалар дирекциясининг ижодий лойиҳаси билан бошланади. Ҳаким Мирзааҳмедовнинг “Рассом ва шаҳар” деб номланган кўргазмасида рассомнинг этюдлари ва ранг-баранг асарларига кенг ўрин берилади. “Ўзбекистон миниатюрачилари ижодида, шунингдек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари асарларида шаҳарлар мавзуси” номли кўргазма давомида ёш рассомларнинг шаҳарсозликка доир қизиқарли, ўзига хос ижодий ёндашув асосидаги картиналари, тасвирий санъатнинг турли йўналишидаги ишлари билан танишиш мумкин.

Россиянинг “Невская палитра” бадиий бўёқ заводининг интерактив тақдимоти давомида замонавий бадиий бўёқлар, улардан самарали фойдаланиш, керакли рангларни техник жиҳатдан тайёрлай олишга оид қимматли маълумотлар берилади.

“Дунё болалар нигоҳида” Республика болаларнинг ижтимоий мослашуви маркази томонидан ташкил этиладиган кўргазмада эса, ижтимоий-тиббий ҳолатидан қатъий назар, ҳар бир бола ўзига хос бетакрор дунё, беқиёс истеъдод соҳиби эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. “Менинг шаҳрим” мавзусидаги бадиий кўргазма эса рассомларнинг наинки ўз шаҳрига, балки жонажон юртимизга бўлган муносабатини акс эттириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Собир Раҳметов раҳбарлигидаги “Устахона” лойиҳаси ҳам кўпчилик учун қизиқарли бўлиши мумкин. Унда мазкур олий таълим даргоҳининг чизматасвир кафедраси педагоглари ижоди билан танишиш имконияти яратилади.

Тадбирлар Бадиий кўргазмалар дирекцияси Марказий кўргазмалар зали, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Тошкент Фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи каби санъат масканларида бўлиб ўтади.

Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби томонидан тайёрланган тарихий либослар намойиши, талабаларининг “ЭГО” илмий-экспериментал конференцияси, уста рассомлар, санъатшунослар, ҳунармандлар иштирокидаги маҳорат дарслари, ижодий мулоқотлар ҳафталикни ўзига хос баҳс-мунозара, ранг-баранг фикрлар майдонига айлантиради.