Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икром ота Умрзоқов: “Номинг ўчсин уруш”
19:02 / 2023-05-08

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихига энг мудҳиш воқеа сифатида муҳрланди. Кексаю ёшни аямаган уруш даҳшати орадан мана қарийиб етмиш саккиз йил ўтибдики, одамзотнинг ёдидан кўтарилмайди. Яна шунча йиллар ўтса ҳам унинг инсон ҳаётида қолдирган оғриқли жойлари уни унутишга йўл қўймаслиги бор гап.

Бугунги кунда Наманган вилоятида етти нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшган, бугунги доруломон кунларга катта тамал тошини қўйган бу кекса ҳамюртларимиз ҳамиша эъзозланиб, алоҳида эҳтиром кўрсатилади.  

Ана шундай инсонлардан бири Тўрақўрғон тумани Қурама маҳалласида истиқомат қилувчи салкам 100 ёшли Икром ота Умрзоқовдир. 1942 йили 18 ёшида урушга отланган мард ўғлон Сталинград, Одесса шаҳарларини озод қилишда катта жасорат кўрсатган. Икром ота тинчлик замонида ҳам жамият ривожига катта ҳисса қўшиб, турли соҳаларда салмоқли меҳнат қилди.  

– Тинчлик, осойишталик, хотиржамлик шундай сўзки, бунинг қадрини, қимматини биз жуда яхши англаймиз. Биз машъум урушни кўрдик, илоҳим фарзандларимиз, ёшларимиз, келажак авлод асло кўрмасин. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, – дея дуога қўл очади Икром ота Умрзоқов.  

Янгиқўрғон туманидаги пурвуқор тоғу адирликларга ястанган Поромон қишлоғида яшовчи Муҳаммадиброҳим Иномов 1941-1945 йилларда фашистларга қарши кечган қонли урушнинг даҳшати-ю жабру ситамларини ўз бошидан ўтказган. Бугун 101 ёшни ортда қолдирган отахон фарзандлари, набиралари, эвараю чеваралари бағрида ҳаёт гаштини сурмоқда.  

– Халқимиз фаровонлиги, ватанимиз равнақини ўйлаб, меҳнат қилаётган Президентимизнинг ташқи сиёсатдаги фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Яқиндагина Германияга бориб, шартномалар тузиб қайтганини телевизор орқали кўриб хурсанд бўлдик, – дейди юртимиз ислоҳотларига бефарқ бўлмаган Муҳаммадиброҳим Иномов.  

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят сектор раҳбарлари, мудофаа ишлари бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари, Миллий гвардия вакиллари, ёшлар ташкилоти фаоллари ҳамкорлигида уруш қатнашчиларининг хонадонларига йўқлагани борган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов икки асрни кўрган табаррук нуронийларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг табригини ўқиб эшиттириб, 18 миллион сўм пул мукофоти ҳамда совғаларни топширди. Шунингдек, уруш қатнашчиларининг ҳар бирига Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгашинининг байрам туҳфалари улашилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА