Ватанимиз тарихидаги 16 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1931 йил (бундан 90 йил олдин) – режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов таваллуд топди (вафоти 2018 йил). “Маҳаллада дув-дув гап” кинокомедияси (1960) унинг илк ютуғи бўлди. У “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Абу Райҳон Беруний”, “Отамдан қолган далалар” каби кўплаб машҳур фильмларни яратди. Шуҳрат Аббосов 1994 йилда “Шуҳрат” медали ва 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1945 йил (бундан 76 йил олдин) – ҳарбий арбоб, генерал-майор Собир Раҳимов дивизияси душманнинг Грудзёндздаги групировкасини тугатиш учун жанг бошлади. Бу жангда 5 минг фашист асирга олинди. Фашистларнинг энг сараланган қисмлари жойлашган бу қалъа учун жанг 16 январдан бошлаб 40 кун давом этди. Қалъа олинганидан сўнг, Москвадан диктор Левитан Олий Бош Қўмондоннинг Собир Раҳимов гвардиячилари шарафига тўплардан бир йўла 20 марта ўқ узиб, салют бериши ҳақидаги буйруғини ўқиб эшиттирди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Атлантика океанида, Ғарбий Африка соҳили яқинидаги Яшил Бурун оролларида жойлашган Кабо-Верде Республикаси, Европанинг жануби-ғарбида, Пиреней яриморолида жойлашган Португалия Республикаси ҳамда Шимолий Европада, Скандинавия яриморолининг шарқий қисмидаги Швеция Қироллиги Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон ва Словения ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон-Япония марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2002 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида халқаро вестминстер университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади