Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ҳамда одамийликнинг юксак намунаси бўлиб қолмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш — тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Ҳар йили 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” кенг нишонланиб, 1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб ҳалок бўлганлар хотираси ёд этилади. Айни пайтда кексалик гаштини сураётган нуроний отахон ва онахонларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинади. Албатта, юртимизда кексаларни ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ҳар йилидек бу йил ҳам Президентимиз мамлакатимизда 9 май –Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармонга имзо чекди. Унга кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига республика давлат бюджетидан бир марталик пул мукофоти – 18 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда ушбу пул мукофотларини тантанали ва байрамона вазиятда топширадилар.
Нуронийларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиб ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш “Маҳалла” хайрия жамоат фондида анъанага айланган. Дастлаб жамоат фонди вилоят бўлими жамоаси Кармана тумани “Дўрмон” маҳалласида яшовчи 1920 йилда туғилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар бобо Турдиев хонадонига ташриф буюрди. Учрашувда мактаб ўқувчилари томонидан байрам муносабати билан қўшиқлар ижро этилди, шеърлар айтилди. Отахон уруш йилларини эслаб, бугунги дориламон кунлар қадрига етиш, тинчлик энг олий неъмат эканлигини ёш авлодга сўзлаб берди.
– 1942 йилнинг кузида Россиянинг Пенза шаҳрида биринчи урушга кирганман, – дея эслайди Пирназар бобо. – 2- Белоруссия фронтида жанг қилдим. Полтава, Курск, Орёл, Гомел ерларидан немисларни қувиб чиқардик. Навбат Польша ерларига келди, ундан ўтиб Германияда ғалаба байроғини Рехистаг устига тикладик. 1946 йили эса Литва ерларидан охирги фашист қолдиқларини яксон қилдик. 1946 йилнинг баҳорида юртга қайтдим. Яна бир қаҳрамон Норбой бобо Казаков айни пайтда Навоий шаҳар “Хончарбоғ” маҳалласидаги Гулбоғ кўчасида истиқомат қилади. 99 ёшни қаршилаган Норбой бобо 1942 йилда, 18 ёшида фронтга кетган. У Курск, Орёл ва Минск шаҳарларини озод қилишдаги жангларда иштирок этди. Бир неча бор яраланиб, даволанди ва яна жанг майдонига қайтди. Латвия, Литва, Польшани озод қилишда қатнашди ва Калининградда узоқ кутилган ғалабани кутиб олди. 1947 йилда Ўзбекистонга қайтиб келди. Турмуш ўртоғи Тошбиби Казакова билан тўрт ўғил, тўрт қизни вояга етказди.
– Курск учун бўлган жанглар ҳеч эсимдан чиқмайди, – дейди бобо. – Жангда жароҳат олдим. Тиббий батальонда қисқа муддатли даволанишдан сўнг жанг майдонига қайтиб, кўп жангларда қатнашдим. Ўша машъум кунларда кўплаб қуролдошларимни йўқотганман. У кунлар қайтиб келмасин. Биз кўрдик, сизларга у кунларни раво кўрмайман.
Отахоннинг кўзларида ёш милтиллайди. Уруш йиллари воқеалари ҳақида гапирар экан, бугунги авлод озодлик ва мустақилликни қадрлаши кераклигини бот-бот таъкидлайди.
– Нафақат юртимиз, балки дунёда тинч-осойишта ҳаёт учун жасорат ва мардлик кўрсатиб фидо бўлган ватандош боболаримиз хотирасини ёд этиш энг олий бурчимиз. Бугун ҳаёт бўлганлари ҳолидан хабар олиш ва уларни кўнгилларини шод айлаш бу фуқаролик вазифамиздир. Зеро “Инсон азиз, хотира – муқаддас”, –дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев.
Ташриф чоғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “Маҳалла” фонди вилоят бўлими томонидан байрам совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА