English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинди
21:47 / 2022-01-31

Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида шаҳар ва туманларда истиқомат қилиб, кексалик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан хабар олиниб, уларнинг оиласидаги муаммоларини ўрганиш, яшаш шароитини яхшилашга эътибор қаратилди.

Машъум уруш бутун инсоният бошига қанчадан қанча жиддий ташвишларни солган. Фашизм зулмидан азият чекмаган оила, хонадон қолмаган ҳисоб. Айни кезда Наманган вилоятида даҳшатли урушга гувоҳ бўлган 11 нафар ҳамюртимиз истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг фариштали сиймосига боқар экансиз, улкан ҳаётий тажрибани уқиб олиш қийин эмас. Бу кайвониларга ҳар қанча эъзоз кўрсатсак, арзийди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов, “Маҳалла” фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов, шаҳар, туман ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳар бир уруш қатнашчисининг оиласига келиб, улар билан суҳбатлашди.

Янгиқўрғон туманининг Оқтепа маҳалласида яшовчи Муҳаммадиброҳим Иномов уруш йилларининг заҳматини чеккан фидойилардан. 1941 йил декабрь ойида фронтга жўнаган, дастлаб Жанубий фронтнинг Сталинград жангларида иштирок этган. Германиягача етиб борган. Уруш якунлангандан сўнг уруш талофатларини бартараф этиш учун Украинанинг Донбасс шаҳрида қурилиш ашёлари ишлаб чиқарувчи комбинатда ишлаган.

Урушдан 1946 йилнинг октябрь ойида қайтиб келиб, Янгиқўрғон туманидаги 38-сонли умумтаълим мактабида болаларга бошланғич таълимдан сабоқ берган, 1982 йилда нафақага чиқиб, бугунга қадар умргузаронлик қилиб келмоқда. Турмуш ўртоғи Шарофат ая билан турмуш қуриб, 72 йил давомида 10 нафар фарзанд, 40 дан ортиқ набира, 61 эвара ва 12 чеварани тарбия қилган.

Янги Наманган туманининг Мингчинор маҳалласида яшовчи Галина Болоченкова 1938 йилда Россиянинг Брянск вилоятида туғилган, 1943 йили немис фашистлари Брянск вилоятига кириб борганда асирга олинганлар орасида ёш Галина, онаси ва синглиси бор эди. Улар Литванинг Алитус концлагерига юборилган, у ерда синглиси вафот этади. 1944 йилда Литва фашистлардан озод қилингач, Галина Ўзбекистонга юборилади ва шу ерлик бўлиб қолади.

Маҳаллаларда ташкил этилган “Кексалар гуруҳлари” аъзолари ёши улуғларни йўқлаш билан бир қаторда Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида муҳокамалар ўтказиб, ажримларни камайтириш ва турли оилавий можароларни бартараф этиш; маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали аждодларимизнинг бой маънавий меросини ёшларга тушунтириш ва тарғиб қилиш; аҳоли саломатлигини таъминлаш учун турли спорт мусобақаларини ташкил қилиш. ишсизларни оиласига даромад келтирадиган касбларга йўналтиришга аҳамият қаратди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА