French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси
13:33 / 2019-10-30

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

«Буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини янада чуқурроқ ўрганишимиз, бу ҳақда янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва спектакллар яратишимиз керак. Ёшларимиз кимларнинг жасорати туфайли қарийб 75 йил мобайнида уруш балосини кўрмасдан, тинч ва бахтли замонда яшаётганимизни билиши ва бунинг қадрига етиши зарур…»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

Яна етти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бугундан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар бера бошлайди. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Беларусь Республикаси, Брест қалъаси. 1941 йил 22 июнь...

I қисм

Урушнинг биринчи куни... Эрта тонг... Бутун борлиқни ларзага келтириб, Гитлер Германиясининг бомбаларга тўла юк самолётлари давлат чегарасини бузиб, Беларусь ҳудудига бостириб кира бошлади. Икки давлат чегарасидаги Брест қалъаси ердан ҳам, кўкдан ҳам қаттиқ бомбардимон қилиниб, аёвсиз ўққа тутилди.

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. Ҳужум бошланишидан олдин қалъа ҳимоячиларига қарши 9 та енгил ва 3 та оғир артиллерия батареяси, 600 миллиметрли ўзиюрар “Карл” ҳамда 210 миллиметрли қисқа стволли тўплар дивизионлари ташланди. Сўнгра тиш-тирноғигача қуролланган немис армияси танкларда, бронетранспортерларда, мотоциклларда Беларусь тупроғига бостириб кирди.

Шу пайтда қалъада бўлган 17-Қизил байроқли Брест чегара отряди, НКВДнинг 132-алоҳида конвой қўшинлари батальони, 8- ва 1-ўқчи ва разведка батальони, танкларга ва ҳаво ҳужумига қарши ихтисослашган 2- артиллерия дивизиони сўнгги ўқлари қолгунга қадар душман агрессиясига қаршилик кўсатдилар.

Маълумотларда қайд этилишича, Брест қалъасининг 50 дан ортиқ миллатга мансуб аскарлари орасида Дониёр Абдуллаев, Бобохалил Кашанов, Аҳмад Алиев, Нурум Сиддиқов, Узоқ Отаев ва бошқа ватандошларимиз ҳам бор эди. Жангчиларимиз биринчилар қаторида душман зарбига ўзларини қалқон қилдилар.

Айни пайтда фашизм мафкураси билан заҳарланган газандалар собиқ Совет Иттифоқининг барча Ғарбий чегараси бўйлаб бостириб бораётган эди. Брест қалъасидан узоқ бўлмаган Ғарбий чегаралардаги дастлабки муҳорабада кўпчилик совет жангчилари қатори тошкентлик Зокир Каримов алоҳида жасорат намуналарини кўрсатди. Ватандошимиз ғарбий чегаралар ҳимоясидан ташқари яна Қрим билан Кавказда жанг қилди, мардлик ва жасорати учун 1- ва 2-даражали “Шуҳрат” ордени ҳамда “Жасорати учун” жанговар медали билан тақдирланди.

Ўзбекистонлик жангчилар, шунингдек, Смоленск, Киев, Одесса, Севастополь ва бошқа шаҳарлар мудофаасида ҳам қатнашадилар. Жумладан, Одесса ҳимоясида Омон Умаров, сапёрлар ротасининг командири Ҳамза Зарипов каби ватандошларимиз ҳақиқий жасорат намуналарини намойиш этдилар. Омон Умаровнинг кичик ҳарбий бўлими фавқулодда катта қаҳрамонлик кўрсатди. Бўлим жангчилари Одесса шаҳри ёнида қурилган душман аэродромига ҳужум қилиб, фашистларнинг 16 самолёти ва 30 автомашинасини ёқиб юборади. Ҳамза Зарипов ротаси миналаштирилган йўлда душманнинг 27 танки ва 13 бронетранспортерини портлатади.

Польша. Данциг...

Сталин “темир, метин генерал” деб атаган ўзбек қўмондони

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида сўнгги йилларда унутилаёзган йирик ҳарбий қўмондонимиз ҳақида шундай деган эди: "Мана, 9 май яқинлашиб келяпти. Мени қийнаб келаётган яна битта масала бор. Шафқатсиз фашизм билан курашда уруш майдонларида қолиб кетган буюк боболаримиз бор. Шуларни ичида биргина бўлган генерал Собир Раҳимовнинг номини эсламай ҳам қўйдик. Мана шу қаҳрамон генералимизнинг ҳайкалини тарих ва адолат учун тиклаб қўйсак. Бу иш 9 майгача амалга оширилса яхши бўларди".

Нима ҳам дея олар эдик. Муқаддас, савобли ишни бажариш учун ҳам юқоридан албатта топшириқ берилишига ўрганиб қолган айрим мутасадди шахслар шу гапдан кейин генерал Собир Раҳимов ҳайкалини аввалги жойига қайтариш чораларини кўра бошладилар. Совет Иттифоқи қаҳрамони, тенгсиз жасорат ва матонат соҳиби генерал Собир Раҳимов ҳайкали ўрнатилган Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги хиёбонда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғи барпо этила бошланди.

8151403.png

Собир Раҳимов ҳайкалининг аввалги жойига қайтарилиши, Президентимиз сўзлари билан айтганда, тарихий адолатнинг қайта тикланиши эди. Ёдингизда бўлса, бу топшириқ давлатимиз раҳбарининг шу соҳадаги иккинчи даъвати эди. Биринчиси – Халқлар дўстлиги майдонига Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган катта ҳайкалтарошлик мажмуасини жойига қайтариш эди. Турли миллатларга мансуб бўлган 14 болани фарзандликка олган тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад ота Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри ая Акрамовалар оиласи уруш йиллари юксак инсоний фазилат кўрсатиб, кўпчиликка ибрат бўлган эдилар. Улар хотирасига бағишланган ёдгорлик яратилди. Очилиш тантаналари бўлиб ўтди. Кейин анча йиллар турган ҳайкал негадир кўчирилиб, шаҳар чеккасига чиқариб қўйилди. Одатда демократик давлатларда бундай ишлар халқ билан бамаслаҳат, референдум йўли билан амалга оширилади.

Айтиш жоизки, Шомаҳмудовлар оиласининг бу инсонпарварлик ташаббуси уруш йиллари оммавий тус олган эди. Урушдан ногирон бўлиб қайтиб келган каттақўрғонлик Ҳамид Саматовлар оиласи уруш кетаётган ҳудудларда ота-онасиз етим қолган 13 болани, самарқандлик колхозчи аёл Фотима Қосимовалар оиласи 10 болани ўз баҳрига олиб, меҳр қўри билан уларнинг қалбини иситди, дилини ёритди. Ўзбекистон раҳбарларидан Йўлдош Оҳунбобоев, Усмон Юсуповлар оиласи ҳам етим болаларни ўз тарбиясига олдилар. Ота-онасини ўлдириб ерларини босиб олиб, уй-жойлари вайрон қилинган рус, украин, беларусь ва бошқа миллат болаларини тарбиялаб вояга етказган оилалар Ўзбекистонимизда кўп бўлди. Халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик, ватанпарварлик жасорати Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги майдонидан олиб ташланган ана шу ёдгорликда абадийлаштирилган эди.

0738185_b.jpeg

Мана, вақти келиб адолат тикланиб, ниҳоят, Собир Раҳимов ҳайкали ҳам ўз жойига қайтарилди. Таъкидлаш жоизки, машҳур давлат арбоблари ва лашкарбошилар: Амир Темур, Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар қаторида мамлакатимиз тарихида ўзининг алоҳида ўрнини эгаллаган генерал Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қаҳрамонликларини айтиб ҳам, санаб ҳам адо қилиб бўлмайди.

1943 йил майидан 1944 йил апрелигача бўлган муддатда Собир Раҳимов Москвадаги Олий ҳарбий академияда таълим олди. Уруш ҳаракатлари қизғин бораётган 1943 йилнинг март ойида ҳарбий олий маълумотга эга бўлган истеъдодли саркардага генерал-майор унвони берилади.

Шундан сўнг буюк ватандошимиз Иккинчи Беларусь фронтининг 65- армиясига қарашли 37-Речицкий ўқчи-гвардиячи дивизияга, 56-Армиянинг 1149-ўқчи полкига, 56-армиянинг 395-ўқчи дивизиясига қўмондонлик қилди.

1945 йили Шарқий Пруссияни озод қилиш жараёнида 37-гвардиячи дивизия қўмондони генерал Собир Раҳимов немис босқинчилар мутлақо кутмаган тактик ҳаракату тадбирлар ишлатиб, тўсатдан Грауденц қалъасига ҳужум қилади. Шу йўл билан Вермахт немисларини ҳимоя қилишга шошилиб кетаётган алоҳида фашист каллакесарлари диққатини ўзига жалб қилиб, Висла дарёси бўйида доғда қолдиради. Шундай қилиб, Собир Раҳимов дивизияси муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Болтиқ денгизига чиқиб олади. Собир Раҳимов дивизияси душманни ҳалокат кетидан ҳалокатга учратиб, шиддат билан олға ҳаракат қиларди. Бу пайтда на қўмондон генерал Раҳимовни ва на унинг гвардиячилар дивизияси аскарларини тўхтатиб бўларди, деб айтишарди Ставка раҳбарлари. Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-дивизия жангчилари қўшни армия аскарларини ҳам ортда қолдириб, Совет Армиясининг асосий кучларидан 100 километр олдинга ўтиб кетади ва шаҳар атрофидаги қишлоқларни босқинчи фашист газандаларидан тозалай бошлайди. Генерал Раҳимов дивизияси шиддатли жангларни давом эттириб, Польшанинг немислар қўлларида мустаҳкам ушлаб турган Данциг шаҳрига чиқади. Шаҳар чеккасида қаттиқ ўрнашиб, катта ҳарбий тажриба, маҳорат ва махсус тактика ҳаракатларини талаб қиладиган мураккаб кўча жангларини олиб боради ва Берлин йўналишига қараб қатта тезликда ҳаракат қила бошлайди. Генерал Раҳимовнинг бир одати бор эди. У жанг майдонида аскарларига шахсан ўзи етакчилик қилар, жангчиларни душманни ғафлатда қолдириб, тўсатдан ва тезлик билан олға қараб ҳаракат қилишга ундар эди. Қўлида душманга қаратилган тўппончаси билан ўнг қўлини баланд кўтариб, жангчиларини окопдан ўзи душманга қараб ҳужумга кўтарарди.

Собир Раҳимовнинг жасур аскарлари фронтда машҳур бўлиб кетган “раҳимовчилар” номини олади. Улар урушнинг энг мураккаб шаҳар, кўча жангларини олиб боришда ташаббус, шижоат, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатадилар. Бундай босимдан саросимага тушган немислар ҳар гал генерал Раҳимов дивизияси пайдо бўлган жойда „советларнинг асосий ҳарбий қисмлари бостириб келаяпти“, деб зудлик билан ўзларининг захирадаги алоҳида резерв қўшинларини унга қарши жангга ташлар эди. Лекин генерал Раҳимов бошлиқ дивизия аскарларининг жанг олиб бориш тактикаси, маҳорати ва жасоратига тенг кела олишмасди. Шундай жангларнинг бирида немислар резервдаги қўшинларни жангга киритиб, генерал Раҳимов дивизияси турган Данциг шаҳрини уч томондан қуршовга олади ва шафқатсиз бомбардимон қила бошлайди.

Амалиёт шуни кўрсатадики, катта жангда муваффақиятга қандай тез эришиладиган бўлса, у худди шундай қўлдан ҳам кетиб туради. Душман разведкаси берган маълумотга таяниб, немисларнинг денгизда турган ҳарбий кемаларидаги катта калибрли тўплардан Собир Раҳимов дивизияси ўққа тутилади. Дивизия бошқарув ҳарбий пункти ҳам ёғилиб келаётган бомбалар остида қолади. Тенгсиз қаҳрамон, маҳоратли қўмондон ватандошимиз генерал Раҳимов бошидан қаттиқ яраланади. Бу унинг нечанчи жароҳати эканлигини айтиш қийин, лекин буниси олган жароҳатларининг орасида энг оғири эди. Собир Раҳимовнинг ҳолатини диққат билан кўрган ҳарбий врачлар бундай жароҳатни даволаб бўлмаслигини айтишади. Шундай қилиб, жанг бошланганидан 8 соатдан кейин йирик саркарда, машҳур афсонавий қўмондон Собир Раҳимов оламдан ўтади. Ўзбекистонлик Собир Раҳимовнинг қўмондонлик қобилиятига, жанг қилиш маҳоратига, унинг ҳарбий истеъдодига ўз вақтида ҳатто душманлар ҳам тан беришган эди.

Генерал Собир Раҳимов кўрсатган мислсиз каҳрамонликлари, ҳарбий маҳорати ва жасорати учун кўп марта орден ва медаллар билан тақдирланди. Уруш йиллари Собир Раҳимов биринчи даражали Кутузов, иккинчи даражали Суворов, иккинчи даражали Богдан Хмельницкий орденларига сазовор бўлди. Тўрт марта Қизил байроқ ордени, Суворов, Кутузов, Ленин, Қизил юлдуз орденлари ва бир қатор жанговар медаллар билан мукофотланди.

Собиқ иттифоқ Олий Советининг фармони биноан Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва қўмондонлик маҳорати учун гвардиячи генерал-майор Собир Раҳимовга энг олий жанговар мукофот – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. Иосиф Сталин Собир Раҳимовга “темир, метин генерал”, деб баҳо берган.

Бировни мақташ одати бўлмаган И.Сталиннинг ватандошимиз мардлигини тан олиб айтган бу сўзларида биз биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовда Амир Темур, Мангуберди, Бобурнинг ҳарбий қудрати, шижоати, салоҳияти мавжудлигини туйгандек бўлдик. Сафдошлари, жангчилар эса Собир Раҳимовни “боши бўйнидан узилса ҳам тиззаси ерга тегмайдиган генерал” дейишар эди.

Ўзбекистонда жасур генералнинг учта ҳайкали қад ростлаб турибди. Улардан бири Собир Раҳимовнинг Тошкентдаги қабри узра ўрнатилган.

Биринчи ўзбек генерали, 37-гвардиячи дивизия қўмондони Собир Раҳимов жанг қилган ҳар бир ери, жумладан, Польшада ҳам ўчмас хотира қолдирди. У Польшанинг Грудзяндз, Гнев, Староград, Дзяддово шаҳарларини озод этиш учун бўлган жангларда буюк саркардаларга хос ҳарбий санъатини намойиш этди. Ўзбек генералидан миннатдор бўлган польшалик кема қурувчилар “Генерал Раҳимов” номли траулерни қуриб сувга туширдилар. Гданск шаҳридаги кўчалар, мактабларга Собир Раҳимов номи берилган.

Ўзбек шоир ва ёзувчилари Собир Раҳимовнинг Иккинчи жаҳон урушидаги қаҳрамонликларига бағишланган шеърлар, балладалар битдилар, пьесалар ёзилди, драмалар саҳналаштирилди, 1967 йили “Ўзбекфильм” киностудиясида унинг ҳаёти ва қўмондонлик маҳоратига бағишлаб бадиий фильм суратга олинди.

2018 йил 9 май куни Собир Раҳимовнинг ҳайкали Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги хиёбонда, ўз жойида қайта қад тиклади.

“...Тошкент шаҳрининг энг кўркам масканларидан бирида 9 май – шонли санага бағишлаб улкан Ғалаба боғини барпо этамиз. Бу борада лойиҳа-қурилиш ишларини бошлаб юборганимизни бугун сизларга маълум қилмоқчиман. Албатта, бу боғ ва унинг таркибида бунёд этиладиган шон-шуҳрат музейини энг гўзал ва пухта ишланган лойиҳалар асосида яратамиз. Аммо бу муҳташам ёдгорлик мажмуасининг маъно-мазмуни, музей экспозициясини шакллантиришда биз муҳтарам фахрийларимиз, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларига таянамиз”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

ЎзА шарҳловчиси

(давоми бор)

Сайтимизни кузатиб боринг!