French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (13-қисм)​
16:04 / 2019-11-14

Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига


Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади. 

Ўлимларни қолдириб доғда

XIII қисм

Ёдимда, 1981 йили Москва телевидениесининг машҳур бошловчиси Валентина Леонтьева рейтинги энг юқори бўлган «От всей души» телекўрсатувини Белгород вилоятидан олиб бораётган эди. Ноёб тақдирга эга бўлган белгородлик икки илғор ишчига бағишланган бу “ток шоу”да телебошловчи бирдан ўзбек жангчиси Зиёмат Усмонович Ҳусановнинг Белгород еридаги қаҳрамонлиги тўғрисида ҳикоя қила бошлади. Одамлар билан лиқ тўла бўлган катта зал кўз кўриб қулоқ эшитмаган жасорат тафсилотларини тин олмай эшитарди. Бир пайт саҳнага 60 ёшлардаги ўрта бўйли, келишган, бақувват, буғдойранг, қуюқ қора қошли киши шахдам қадамлар билан чиқиб кела бошлади. Шу заҳоти зал ўрнидан қалқди ва уни давомли гулдурос қарсаклар билан қарши олди. Зиёмат Ҳусановнинг бўйнига “Белгороднинг фахрий фуқароси” лентаси осиб қўйилади. Саҳнадаги катта экранда эса Белгороддаги “Биродарлар қабристони”да “Бу ерда жасур ўзбек жангчиси Зиёмат Ҳусанов ётибди” деб мармарга ўйиб ёзилган қабр тоши узра йиғлаб турган қаҳрамонимизнинг тасвирлари намойиш этилмоқда эди. Залдагилар тинмай оқиб турган кўз ёшлари билан ўзбек қаҳрамони шарафига гулдурос қарсаклар чалишда давом этарди.

photo5364217327693966121.jpgЗиёмат Усмонович Ҳусанов ўзи ким ва нима сабабдан бу уруш ва меҳнат ветерани Марказий телевидение, белгородликлар томонидан бунчалик катта ҳурмат ва диққат-эътиборга сазовор бўлмоқда?

З.Ҳусановнинг тақдири ҳақиқатдан ҳайратомуздир. У 1921 йили Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Қаҳрамонимиз Тошкентга келиб ўқийди, педагогика техникумининг икки курсини тугатади. Зиёмат кўпчилик ёшлар қатори учувчи бўлишни орзу қиларди. 1940 йили армия сафига чақирилиб, 1941 йил ёзида авиация мактабига штурманликка ўқишга юборилади. Шу пайт Гитлер Германияси Совет Иттифоқига бостириб киради.

1941 йили Зиёмат Ҳусанов биринчи бор Смоленскда ярадор бўлади, даволаниб яна сафга қайтади. У 228-ўқчи полкда хизмат қилади. Курск жангининг биринчи куни, 1943 йил 5 июлда таркибида Зиёмат Ҳусанов бўлган капитан П.Г.Ястребов бошлиқ 3-рота ўқчилар батальони ўлим сочиб жангчиларимиз устига бостириб келаётган 20 та душман танки ҳамда 8 та ўзиюрар артиллерия установкаларига қарши туради. Пулемёт расчети командири сержант Зиёмат Ҳусанов душманнинг пиёда аскарлари билан шафқатсиз жанг олиб боради. Кўп ўтмай ёнида милтиқларидан ўқ отиб турган икки жангчи ҳам тинчиб қолади, улар ўқ тегиб яраланган эди. Барча қуролдош дўстларининг ҳалок бўлганини кўрган Зиёмат Ҳусанов кечга қадар бир ўзи пулемётдан отиб фашистларни қиради. Кейин у ҳам яраланади. Шу ҳолда бир ўзи жангни давом эттиради. Ўқлари тугагач, у бостириб келаётган душман солдатларига қарата жонсиз ётган қуролдош дўстларининг гранаталарини ҳам ота бошлайди. Унга қарши миномётлардан отилган миналар портлаб бўлгач, соғ қолган ва шундай қисқа бир фурсатни пойлаб турган Зиёмат қўлида граната билан яна окопдан душманга қарши кўтарилади. Гитлерчи газандалар 22 ёшли Зиёмат Ҳусановни тирик қўлга олиш мақсадида қуршовга оладилар, шунда у сўнгги гранатаси билан ўзини ва атрофидаги фашистларни портлатиб юборади. Узоқда жангни бошқариб турган командири сержант Ҳусанов турган жойда кучли портлаш юз берганини кўради. Бу мислсиз қаҳрамонлик Белгород райони Дорогобужино қишлоғи Дальний Песок ёнидаги «безымянная высота» – номсиз тепаликда содир бўлади. 

Эртаси куни аскарларимиз жанг қилишиб, тепаликни немислардан тозалайдилар. Лекин у ерда Зиёмат Ҳусановнинг жасадини тополмайдилар. Қуролдошлари уни мина ва граната портлаши натижасида йўқ бўлди деб, уйига хабар йўллашади.

1943 йил 5 июль куни Белгород билан Орёл шаҳарлари озод этилганлиги муносабати билан Москвада еру кўкни ларзага солиб, осмонни чарақлатиб отилаётган мушаклар базми пайтида ярадор Зиёмат Ҳусанов фашистлар қонцлагери санчастида инграб ётар эди. 

Мўъжиза рўй бериб, Зиёмат Ҳусанов оғир ярадор ҳолда тирик қолган эди. Кўзлари олдида содир бўлган мислсиз қаҳрамонлик шоҳиди бўлган немислар ҳам унга тан бериб, ўлдиришмайди, Зиёматни санчастга жўнатишади. Қанчадан кейин оёққа турган қаҳрамонимиз душман босиб олган Украина, Болгария, Югославиядаги ҳарбий асирлар концлагерларида назоратчиларнинг зулми, қийноқларидан азоб чекади.

photo5364217327693966122.jpg

Шундан сўнг Зиёмат Ҳусанов душман қўлига ўтган Харьковдаги ҳарбий асирлар лагерига жўнатилади. Лагер шундай қаттиқ қўриқланар эдики, бу ердан қочиб кетишнинг мутлақо иложи йўқ эди. Бунга ишонч ҳосил қилган Зиёмат Ҳусанов немислар томонидан ташкил этилган “Туркистон легиони”га аъзо бўлиб киради. 1944 йилнинг январь ойида бир гуруҳ легиончилар билан Шарқий фронтга эмас, Югославияга жўнатилади. Гитлерчилар легиони отряди Черногорияда югославиялик партизанларга қарши жангга ташланади. Фашистларни жинидан ҳам ёмон кўрадиган Зиёмат Ҳусанов асирга тушиб ёки адашиб легиончилар сафида бўлиб қолган жангчиларни уларга қарши курашаётган партизанлар сафига ўтишга астойдил ундайди. 

Зиёмат Ҳусанов билан бирга ҳарбий асирда зобит С.Файзиев, жангчи А.Аҳмедов ва бошқа йигитлар бор эди. Зобит С.Файзиев маҳаллий аҳоли билан алоқа боғлайди. Унинг кўрсатмаси билан легиончилар фашист командирларини ўлдириб, қўлга тушган қурол-аслаҳалари билан тоққа, партизанлар томонига кетишади. 1944 йил 25 май куни ўзбек легиончилари Интернационал партизанлар батальони сафига қўшиладилар. Улар Югославия ҳамда Болгариядаги партизанлар ҳаракатида Москвадан Олий ставкадан келадиган топшириқларда фаол иштирок этишади, фашистларни қириш, темир йўлларни портлатиш, ҳарбий техникаси ва аскарлари бўлган ҳаракатдаги эшелонларни йўқ қилиш билан шуғулланишади.

Черногория учун бўлган жангларнинг бирида сержант Зиёмат Ҳусанов душманни ён томонидан билдирмай айланиб ўтиб, рақиб пулемётчисини отиб ўлдиради ва шу пулемётдан уларнинг ўзига қарата ўт очади. Зум ўтмай ёнига келиб тушган минанинг портлаши натижасида танасига келиб теккан қайноқ темир парчасидан оғир жароҳат олади ва боши айланиб, тоғ қоясидан пастга қулаб кетади. Душманни қийратиш билан банд бўлиб, воқеани тўла кўра олмаган партизанлар уни портлаб кетди, деб маълумот беришади. Урушдан сўнг отряд командири Б.Михнев билан унинг комиссари Стойчев партизан Зиёмат Ҳусановнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги тўғрисида Москвага хабар йўллашади. Жасорат кўрсатган Зиёмат Ҳусановнинг мотам рамкасидаги сурати Болгария пойтахти Софиядаги давлат музейи экспозициясига қўйилганлигини билдирадилар.

Жангчи Зиёматнинг портлаганига гувоҳ бўлган жангчилар кўрсатмалари асосида пулемётчи Ҳусановга фашист газандаларига қарши жангда кўрсатган мислсиз қаҳрамонлиги учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилиши учун Москвага Партизанлар қўмондонлиги томонидан тақдимнома жўнатилади. Жанубий-Ғарб фронтининг 57-армия 25-ўқчи корпуси 78-гвардиячи ўқчи дивизияси 228-гвардия ўқчи полкининг пулемёт расчети командири Зиёмат Ҳусановга душманни маҳв этишда кўрсатган қаҳрамонликлари, жасорати, матонати учун 1944 йили 22 февралда собиқ СССР Олий Совети Президиумининг фармонига биноан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади. Ҳамма бу юксак унвон унга ўлимидан кейин берилган мукофот, деб ҳисоблар эди...

Лекин Зиёмат Ҳусанов бу гал ҳам ўлимларни доғда қолдириб тирик қолган эди. Жанг тугагандан кейин черногориялик бир аёл уни тоғ қояси тагида ётган ўликлар орасидан оғир ярадор ҳолда топиб олади. Шундан сўнг қайиқда Шимолий Италиянинг Турин шаҳридаги партизанлар госпиталига жўнатади. Зиёмат Ҳусанов тўрт марта жарроҳлик операциясини бошидан кечириб, бир йил даволанади.

1945 йил 9 майда Зиёмат Ҳусанов Одесса денгиз порти орқали Италиядан собиқ СССРга кириб келади. Бу ерда эса у ҳибсга олинади. Кўнгилли бўлиб немислар хизматига кирганлиги, Туркистон легионига аъзо бўлганлиги сабаб текширишлар кетидан текширишлар ўтказилади. Уруш йиллари Зиёмат Ҳусанов томонидан содир этилган сотқинлик мисолларини ҳужжатларда, гувоҳларнинг кўрсатмаларида қидирган комиссия фақат содир этилган қаҳрамонлик намуналарига дуч келиб, 1948 йили ундан мудҳиш айбловлар олиб ташланади. СССР Олий Совети Президиумининг 1952 йил 28 июндаги фармони бўйича Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони эса ундан илгари олиб қўйилган эди. Зиёмат Ҳусанов нафақат қанчадан-қанча қаҳрамонликлар содир этиб ўлимлардан омон қолган жасур жангчи айни бир пайтда юксак, метин иродали шахс эканлиги кишини ҳайратга солади. У узоқ йиллар она қишлоғидаги ўрта мактабда оддий ўқитувчи бўлиб ишлади. Тинчгина ўқитувчи бўлиб ишлаётган Зиёмат Ҳусановни кўпчилик унутиб ҳам қўйган эди.

photo5364217327693966120.jpg

Орадан 15 йил ўтиб, 1960-йилларнинг охирида 25-ўқчи корпус командири, Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-лейтенант Г.Б.Сафиулин Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз шаҳрига Совет Иттифоқи Қаҳрамони Н.Н.Нугаев хотирасига бағишланган ёдгорлик очилиш маросимига келади. Генерал Сафиулин йиғилганларга ажойиб бир қуролдош дўсти Зиёмат Ҳусанов қаҳрамонлиги ҳақида гапириб беради. Генерал ҳам Зиёмат Ҳусановни ўлган деб ҳисоблар эди. Тантанада қатнашаётган шаҳрисабзлик уруш ветеранларидан бири Зиёмат Ҳусановнинг ҳаёт эканлигини ва у Сайрам қишлоғида яшаётганини айтади. Генерал Г.Б.Сафиулин қуролдош дўсти Зиёмат Ҳусанов билан учрашгани Сайрамга етиб келади, қуролдош дўстини қучоқлаб, бағрига босиб кўришади. Шундан сўнг генерал Зиёмат Ҳусанов ҳақидаги адолатни, ҳақиқатни тиклашга киришади.

Зиёмат Ҳусанов тўғрисидаги маълумотларни излашда юзлаб кишилар, унинг шу пайтда ҳаёт бўлган командири капитан Н.М.Чибисов, комиссари лейтенант А.В.Беляков, қатор давлатлар идоралари, СССР, Италия, Югославия Давлат ҳавфсизлиги қўмиталари, Зиёмат Ҳусанов билан бирга хизмат қилган ва тирик гувоҳ бўлган қуролдош дўстлари, СССР Мудофаа вазирлиги, унинг Марказий Давлат архиви ходимлари, Уруш ветеранлари Совет қўмитаси, музей ишчилари, Болгария Халқ Республикаси архиви ходимлари иштирок этадилар. 

Ва, ниҳоят, ҳақиқат юзага чиқади. Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 23 йил ўтиб, 1968 йил 13 февралда СССР Олий Совети Президиумининг фармони билан Зиёмат Усманович Ҳусановнинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони қайта тикланади. Унга тантанали равишда Ленин ордени ва “Олтин юлдуз” медали топширилади.

Ҳақиқий қаҳрамон бўлиб Зиёмат Ҳусанов яна 18 йил умр кўрди. Ҳикоямиз бошида келтирилган телебошловчи Валентина Леонтьеванинг машҳур «От всей души» телешоусида қатнашди, у ҳақда қанчадан-қанча очерклар, лавҳалар, репортажлар ёзилди ва у 64 ёшида оламдан ўтди.

Совет Иттифоқи Қаҳрамони Зиёмат Ҳусанов, шунингдек, Ватан урушининг 1 даражали ордени, Ленин ва Қизил юлдуз орденлари билан мукофотланган. Болгария Халқ Республикасининг “Халқ озодлиги учун” ордени билан тақдирланган. У Россия Федерацияси Белгород шаҳрининг фахрий фуқароси бўлган. Болгария Халқ Республикаси билан Совет Иттифоқи кинематографчилари Зиёмат Ҳусанов ҳақида “Легенда о бессмертии” ("Абадият афсонаси") номли ҳужжатли фильмни суратга олиган. Белгород билан Болгарияда унинг рамзий қабри бор. Болгария пойтахти София шаҳридаги қабрида “Бу ерда Болгария қаҳрамони, ўзбек пулемётчиси Зиёмат Ҳусанов ётибди”, деб мармарга ўйиб ёзилган қабр тоши турибди. Белгород шаҳридаги кўчалардан бири жасур ўзбек жангчиси Зиёмат Ҳусанов номига қўйилган.

Берлин учун жанг...

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. 1945 йилнинг баҳори... Уруш ўзининг сўнгги палласига кирган. Фашистлар Германиясининг пойтахти – Берлин учун қаттиқ жанглар кетаяпти. Жасорати, қаҳрамонлиги учун тез кунда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўладиган ўзбекистонлик жангчилар Б.Бобоев, Т.Бобоев, С.Умаров, “Шуҳрат” орденининг тўлиқ кавалерлари А.Тўқмоқов ва Б.Ниёзов Берлинни забт этишда қаҳрамонларча жанг қилдилар. Берлинни олганлиги учун медали билан ўзбекистонлик жангчилардан 1706 киши тақдирланган. Фашистлар Германияси устидан ғалаба қозонилганлиги учун медали билан 109 минг 208 ўзбекистонлик жангчи тақдирланган.

Ўрта Осиё ҳарбий округи 1941 йил июнидан 1942 йил охиригача бўлган муддатда ҳарбий сафарбарлик асосида 109 та ҳарбий қўшилма тузди, ҳаракатдаги армияга ва Олий Бош Қўмондонлик қароргоҳи захирасига 86 дивизия ва бригада жўнатилди. 1941 йил ноябридан 1942 йил мартигача бўлган даврда 14 та миллий ҳарбий қўшилма, жумладан, 9 та ўқчи бригада, 5 та отлиқ аскарлар дивизияси тузилиб фронтга жўнатилди. Бунда Ўзбекистонда тузилган захирадаги 24-ўқчи дивизия алоҳида жасорат кўрсатди. Дивизия бошлиқлари ва зобитлари таркибида 178 ўзбек ўғлони бор эди.

1941-1945 йиллар давомида Ўзбекистондан 1 миллион 433 минг 230 киши урушга сафарбар этилди. 120 мингдан зиёд ўзбекистонлик аскар ва офицер жанг майдонларидаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида 280 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамони, 82 нафар учала даражадаги “Слава” ("Шуҳрат") орденига сазовор бўлган жасур инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

1939 йил 1 сентябрь куни фашистлар Германияси қўшинларининг Польшага бостириб кириши билан бошланган Иккинчи жаҳон уруши дунёнинг 61 мамлакатини, ер шари аҳолисининг 80 фоизи – 1,7 миллиард кишини ўз гирдобига тортди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 майдаги Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги “...Урушда қурбон бўлганларни хотирлаш, биз билан ҳозирги кунларда ёнма-ён яшаётган уруш фахрийларини қадрлаш, эъзозлаш, ҳурмат-иззатини жойига қўйишдек улуғвор инсоний ишлар мустақил Ўзбекистоннинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эгадир”, деб айтган гапларини сўзма-сўз қайтарамиз.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

ЎзА шарҳловчиси 

Сайтимизни кузатиб боринг.

Фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, сайтимизга ёзиб юборишингизни сўраймиз.