French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (12-қисм)
14:20 / 2019-11-13

Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари, ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Совет – Япон уруши...

XII қисм

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. 1942 йил 7 декабрда Германия собиқ Иттифоқга бостириб киргандан 6 ой ўтар-ўтмас, Япония Америка Қўшма Штатларининг Перл-Харбор бандаргоҳини бомбардимон қилади. Бу нафақат Қўшма Штатларининг, балки бутун дунё тинчликчсевар халқларининг ғазабини қўзғайди. Германиянинг иттифоқчиси бўлган Япониянинг Совет Иттифоқининг шарқий ҳудудларини босиб олиш нияти ҳам йўқ эмас эди.

1945 йилнинг февраль ойида Ялтада ўтган конференцияда Гитлерга қарши коалицияда бўлган давлатлар раҳбарлари: Сталин, Рузвельт ва Черчилль Германия капитуляция қилганидан 2-3 ой ўтиб, СССР Иттифоқчилар тарафида туриб Японияга қарши урушга киришади ва Сахалиннинг жанубий қисми билан Куриль оролларини Совет Иттифоқига қўшиб олади, деган битимга қўл қўядилар.

photo5357554712431406303.jpg

1945 йил 8 август куни, немислар устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Хиросимага атом бомбаси ташлангандан 2 кун ўтиб Японияга уруш эълон қилинади.

1945 йил 8 август куни Байкалорти вақти билан соат 11.00 да СССР ташқи ишлар вазири Вячеслав Молотов Япония элчиси Наотаке Сатога Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш эълон қилади, деб айтади. Қизил армия Манчжуриянинг шарқи, ғарби ва шимоли бўйича – уч томонидаги фронт бўйлаб Японияга бостириб кира бошлади.

Ўзбекистонлик жангчилар Японияга қарши бўлган урушда ҳам қатнашдилар. Улар 22-, 79-, 275-, 388-, 221-дивизия ва бошқа ҳарбий қисмлар таркибида жанг қилдилар. Сейсин порт шаҳрини эгаллашда 335-ўқчи дивизия батальони таркибида лейтенант Фозил Каримов, разведкачи Вали Сулаймонов алоҳида жасорат кўрсатдилар. Душман соҳилига туширилган десантчилар орасида пулемётчи Нишон Бозоров чаққонлик билан жанг қилиб, қарши томоннинг 10 та аскар ва 2 та зобитини ер тишлатади. У жанговар медаль билан тақдирланди. Шунингдек, лейтенант А.А.Каримов, ўқчи взвод командири, кичик лейтенант У.Дониёров, пулемётчилар қисми командири С.Қўчқоров ва бошқалар ҳам душманга қақшатқич зарба берадилар. Шимоли-Шарқий Хитой ва Кореяни эгаллаб турган 1 миллионлик Квантун армияси тор-мор қилинади. Жанубий Сахалин, Курилл ороллари япон қўшинларидан озод қилинади.

Совет – япон урушининг ўзбек қатнашчиси

1944 йили 18 ёшида ўрта мактабни тамомлаб, кўнгиллилар қаторида Иккинчи жаҳон урушига кетган Одил Ёқубов совет –япон урушида, Мўғулистонда, Гоби саҳроси, Порт-Артур, Мукдси ва Харбин шаҳарларида тинкани қуритадиган кўп кунлик марш юришларида бўлди. Узоқ Шарқда тинчликсевар кучлар томонидан уруш асоратларини тугатиш, осойишталикни таъминлаш йўлида олиб борилган барча ҳарбий машғулоту тадбирларда иштирок этди. Армияга кетишини ёзувчи шундай эслайди:

photo5357554712431406304.jpg

* “Қишлоқда бирга тепишиб ўсган дўстларим фронтга жўнайдиган бўлиб қолишди. Гарчанд мен бир ёш кичик бўлсам ҳам, дўстларимдан айрилишга, улардан ажралиб қишлоқда юришга виждоним ёр бермади, ариза бериб, ихтиёрий равишда урушга кетадиган бўлдим. Эртага жўнаймиз, деган куни кечқурун мен марҳум ўқитувчимизнинг уйига бордим ва унинг укасидан “Ўткан кунлар”ни беришни илтимос қилдим. Урушга кетаётган одамнинг илтимосини қайтариш қийин. Ўқитувчимизнинг укаси қийналиб бўлса ҳам китобни берди. Мен уни қопдаги талқон, туршак ва қаттиқ нонлар орасига солиб орқалаб олдим.

*“Сўз” Одил Ёқубов “Абдулла Қодирийни ўқиб” “Шарқ” нашриёти 2019 й.

Одил Ёқубов урушдан кейин 1951 йилга қадар Порт-Артур – Хитой Халқ Республикасининг ҳозирги Далянь шаҳрида 7 йил ҳарбий хизматда бўлди. Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги тинч ҳаётдан олган унутилмас таассуротлари асосида унинг катта ёзувчилик фаолияти шаклланди, деса бўлади. Ярим асрлик ижодий фаолияти мобайнида у “Икки муҳаббат”, "Муқаддас" номли ва бошқа бир қатор повестларини яратди. Муаллифнинг “Эр бошига иш тушса” романи Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт орқасидаги ҳаёт, меҳнат қаҳрамонликлари, халқимизнинг ватанпарварлиги ва мардлигига бағишланди. Адибнинг “Диёнат” романи алоҳида диққатга сазовордир. Бош қаҳрамонлари Х1 асрнинг икки йирик алломаси – Абу Райхан Беруний билан Абу Али ибн Сино бўлган тарихий романини ёзиб тугатган. Асар Совет Иттифоқи Ёзувчилар уюшмасининг махсус мукофотини қўлга киритган. “Икки муҳаббат”, "Муқаддас", "Гвардия капитани – Даврон Ғозиев", “Сени излайман” повесть ва ҳикояларини ёзди.

Одил Ёқубов икки марта «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири лавозимида ишлади. "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби, Ўзбекистон Республикаси Атамашунослик қўмитасининг раиси лавозимларида хизмат қилди. Марказий Осиё халклари маданияти Ассамблеясининг президенти Чингиз Айтматов билан ҳамкорликда мазкур Ассамблеянинг биринчи вице-президенти бўлиб ишлади.

Адиб бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг депутати, 1989 йили эса машҳур рус ёзувчилари Виктор Астафьев, Юрий Бондаревлар билан бирга Москва шаҳридан СССР Олий Советининг депутати этиб сайланди. Чингиз Айтматов, Чабуа Амириджиби, Азиз Несин, Расул Гамзатов ва кўплаб бошқа йирик ижодкорлар билан дўст тутинди. Қозоқ турколог олими Кулбек Ергобекни эса ўзининг энг яқин дўстларидан деб ҳисоблар эди.

1970 йиллари Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, ХV асрнинг йирик алломаси, олим, мунажжим ва ҳукмдор Улуғбекка бағишлаб ўзининг машҳур “Улуғбек хазинаси” номли романини ёзди. Чоп этилиши биланоқ машҳур бўлиб кетган бу тарихий асар ҳамкасби, сафдоши, буюк ёзувчи ва давлат арбоби Чингиз Айтматовнинг алоҳида юксак баҳосига сазовор бўлди. Пировардида асар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотини қўлга киритди. Бу асар МДҲ давлатлари ва 50 дан ортиқ бошқа хорижий тилларга таржима қилинган.

photo5357554712431406305.jpg

– Одил Ёқубов ўз романлари билан, – деб ёзган эди мунаққидлар, – ўзбек насридаги ижтимоий руҳ, кескин конфликт, психологизмни кучайтирди, уни янги характерлар, бадиий кашфиётлар билан бойитди.

Жаҳоний эътирофга сазовор бўлган адиб умрининг асосий қисмини авторитар тузумда яшаб, кўп ноҳақликларни, фожиаларни бошдан кечирди, аммо тинмай меҳнат қилди ва курашди, миллий мустақиллик пойдеворини қуришда фаол ишлади. Мустаҳкам иродали Одил Ёқубов миллатимизнинг мард ва олижаноб инсонлари авлодига мансубдир.

“Инсон ҳаёти тасодифларга, гоҳо етти ухлаб тушига кирмаган воқеаларга тўла экан, – деб ёзади Одил Ёқубов ўзининг “Қайдасан, Морико?” қиссасида. – Шу йил Ғалаба куни урушда ҳалок бўлган шаҳидлар хотирасига бағишланган муаззам мажмуанинг очилиш тантанасидан уйга қайтиб, энди дам оламан деб тургандим, телефон жиринглаб қолди. Гўшакдан қиз боланинг жарангдор овози келди:

– Сиз Одил Ёқубовмисиз? Ўзбек туризми идорасидан телефон қиляпмиз. Бизга Япониядан бир гуруҳ туристлар келишган. Бир хоним сизни йўқлаяпти. Кўришсам, деяпти.

– Қаёқдан таниркан?

– Билмасам, – деди қизча.

– Япон урушида қатнашган экансизми? Порт-Артур деган шаҳарда бўлганмисиз?

“1945 йилнинг илиқ кузи... Япон офицерлари учун қурилган шинам шаҳарча Порт-Артур. Ям-яшил арчазорлар орасига яширинган бир қаватли озода, кўркам уйчалар. Рус сўзларини аллақандай ёқимли бидирлаб гапирадиган япон қизчаси Морико! Хаёлим яна узокларга учди. Салкам икки минг чақиримга чўзилган машҳур Гоби саҳроси... Бир ҳафта деганда темир йўл ўтган қандайдир шаҳарга етиб бордик. Бу ерда одам худди ғимирлаган пашшадай, уларни қандайдир шаҳарлардан (кейин билсак бу – Мукдси ва Харбин деган шаҳарлар экан) олиб ўтгач, бир ҳафта деганда ҳалиги қизча айтган Порт-Артур шаҳри атрофида япасқи қирларга олиб бориб, худди гугурт қутисидаги гугурт чўпларидай тўкиб ташлашди. Биз келган қирлар кўркам олмазор ва нокзорлар билан қопланган. Кўз олдимизда улкан дид ва маҳорат билан қурилган миттигина, лекин беқиёс кўркам шаҳарча – Порт-Артур намоён бўлади. Шаҳарчанинг бир томони мовий бўғазга, бўғаз эса офтоб остида жимирлаб ётган океан мавжларига туташиб кетади. Уфқда қаёққадир кетаётган кемалар кўзга ташланади. Улар қаёққа кетаяпти? Эҳтимол, элимиз томон йўл олаётгандир? Биз кемалар мўрисидан эшилиб чиқаётган кўкимтир тутунларга энтикиб тикиламиз. «Биз ҳам бир кун шундай кемаларга тушиб, она юрт томон йўл олармиканмиз ё суякларимиз бу гўзал, лекин бизга ёт тупроқларда қолиб кетармикан», деган ўй юракларимизни зирқиратади…”, деб ёзади Одил Ёқубов ўзининг “Қайдасан, Морико?” қиссасида.

photo5357554712431406306.jpg

Одил Ёқубов 1946 йили 24 апрелда «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медали, "Меҳнат қизил байроқ", “Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, Қозоғистон пойтахти – “Остана” (ҳозирги Нур-Султон) номи билан юритиладиган медаль, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори унвонларига сазовор бўлди. 1997 йили Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатидаги Маориф, саноат ва санъат фанлари халқаро академиясининг академиги этиб сайланди.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

ЎзА шарҳловчиси

(Давоми бор)

Сайтимизни кузатиб боринг.