Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иккинчи жаҳон уруши 100 та фотосуратда
16:44 / 2020-05-06

Бир фотосуратда акс этган икки совет аскари, маълум бўлишича, “Амерсфорт”да отиб ташланган 101 ўзбек ҳарбийлари гуруҳидан экан


“Амерсфорт” концлагерида ҳалок бўлган ўзбекистонлик асирларнинг тасвири Иккинчи жаҳон уруши даврида Нидерландияда олинган энг таъсирчан 100 сурат рўйхатига киритилгани расман эълон қилинди.

Бир фотосуратда акс этган икки совет аскари, маълум бўлишича, “Амерсфорт”да отиб ташланган 101 ўзбек ҳарбийлари гуруҳидан экан. Уларнинг хоки кейинчалик Леузден шаҳридаги Совет Шон-шуҳрат Майдонига кўчириб ўтказилган.

— Бу кўп йиллар мобайнида унутилаёзган бир гуруҳ уруш қурбонларининг миллий даражада тан олинишидир, — дейди Совет Шон-шуҳрат Майдони жамғармаси директори Ремко Рейдинг. – Мазкур эътироф уларнинг фожиавий тақдирига берилган муносиб баҳо. Бундан ташқари айнан мана шундай фактлар орқали биз тарихий ҳақиқатдан бохабар бўламиз, ўзимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган миллионлаб совет аскарлари тўғрисида ҳаққоний тасаввур ҳосил қиламиз.

Бу 101 осиёлик аскар ташқи кўриниши туфайли жонли манба сифатида тарғиботда фойдаланиш учун Нидерландияга олиб келинган. Немис босқинчилари ўз халқига шарқ миллатларини камситиб кўрсатишни мақсад қилган. Маълумотларга қараганда, уларнинг аксарияти Ўзбекистондан эди.

Қарийб ярим йил мобайнида концлагерда 24 асир ҳолсизлик, касаллик ва қийноқлардан жон берган. 77 нафар ўзбек ўғлони эса 1942 йилнинг 9 апрелида ваҳшиёна отиб ташланган.

Барча 101 совет аскари кейинроқ номаълум жангчи сифатида Совет Шон-шуҳрат Майдонига дафн этилган. “Кўп йиллик изланишларимизга қарамасдан, бу жангчиларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўла олмадик, — дейди Рейдинг. – Улар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Демак ушбу сурат амалда қаҳрамонлар мавжудлигидан, воқеанинг муҳим аҳамияти, бор фожиасидан дарак берувчи ягона далил-исботдир”.

Провинцияда ташкил этилган ишчи гуруҳи Утрехт шаҳридаги Иккинчи жаҳон урушига оид фотосуратлар орасидан ўзбеклар тасвирини танлаб олишди. Ҳакамлар ҳайъати ҳам ўз навбатида бу расмни мамлакат бўйича энг муҳим манбалар сафига киритди. Сараланган 100 та асар “Иккинчи жаҳон уруши 100 та фотосуратда” китобидан ўрин олади.

4 май куни соат 20.25 да “NOS” телекомпаниясининг “NPO2” канали орқали эфирга узатилган “Уруш ҳақида 100 та фотосурат” телевизион дастурида лойиҳа учун танлаб олинган жуда кўп тасвирлар намойиш қилинди. Герман ван дер Зандт томонидан тақдим этилган бир соатлик кўрсатув давомида лойиҳа ташаббускорлари, “NIOD” тарихчилари Лаурин Вастенхаут ва Эрик Сомерс тасвирлар тўпламининг юзага келиши ва тарихий суратлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

“Иккинчи жаҳон уруши 100 та фотосуратда” китоби Европанинг озод қилинишига 75 йил тўлишига бағишланган лойиҳа доирасида яратилди. Лойиҳани амалга ошириш билан Нидерландиянинг Уруш, холокост ва геноцидни ўрганиш институти (NIOD) “Иккинчи жаҳон уруши платформаси” буюртмасига биноан шуғулланмоқда.

Ташаббусни юзага чиқаришда, шунингдек мамлакат Соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва спорт вазирлиги ҳамда “Тинчлик, Озодлик ва Ғамхўрлик Миллий фонди ҳам фаол иштирок этмоқда.