Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашуви мамлакатимизда инсон капиталига қаратилган сиёсат мутлақо янги мазмун ва сифат босқичига кўтарилаётганини яна бир бор намоён этди. Ушбу мулоқотда ёш авлоднинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига қаратилган аниқ вазифа ҳамда механизмлар белгилаб берилди.
Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаб бўлган ёшларнинг ижтимоий ҳаётга тез ва барқарор мослашувини таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилгани инсонпарварлик ва адолат тамойиллари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини кўрсатади.
Статистик таҳлилларда кўринадики, касб-ҳунар ва барқарор даромад манбаига эга бўлмаган шахсларда қайта ҳуқуқбузарлик хавфи бир неча баробар юқори бўлади. Демак, муаммонинг илдизи айнан ижтимоий мослашув, бандлик ва касбий тайёргарлик масалалари билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, илгари сурилган “Иккинчи имконият” лойиҳаси муаммонинг оқибатини эмас, сабабини бартараф этишга қаратилган тизимли ечимдир.

Мазкур лойиҳа доирасида жазони ўтаб бўлган ёшлар 8-12 ойлик интенсив таълим дастурлари асосида замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларда – дастурлаш, веб-дизайн, компьютер муҳандислиги, турли техник ва сервис касблари ҳамда хорижий тиллар бўйича чуқур тайёргарликдан ўтказилади. 8 ойлик қисқа ва юқори самарадорликка йўналтирилган курслар тезкор касбий кўникма беришга хизмат қилса, 12 ойлик кенгайтирилган дастурлар мураккаб IT ва муҳандислик йўналишларида мустаҳкам билим ва амалий тажрибани шакллантиради. Бу эса иштирокчиларни аниқ лойиҳаларни амалга ошира оладиган мутахассис сифатида тайёрлашга хизмат қилади.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, агар ҳар бир ҳудудда йил давомида камида 300-500 нафар ёш ушбу дастурга жалб этилса, дастлабки босқичдаёқ минглаб ёшлар барқарор даромад манбаига эга бўлади. Бу эса бир неча йил ичида ўн минглаб фуқароларнинг ҳаётида ижобий бурилиш ясаш имконини беради.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, қайта ижтимоийлаштириш дастурларида иштирок этган шахсларда қайта жиноят содир этиш кўрсаткичи 30-50 фоизгача камаяди. Демак, мазкур ташаббус нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ва ҳуқуқий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам замин яратади.
Лойиҳа шу йил 1 июндан бошлаб Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида жорий этилади, келаси йилдан эса барча ҳудудларда татбиқ қилиниши режалаштирилган. У босқичма-босқич ва пухта ўйланган тарзда амалга оширилади. Дастлабки уч ҳудудда тўпланган тажриба асосида ўқув дастурлари, ишга жойлаштириш механизмлари ва мониторинг тизими янада такомиллаштирилиб, кейинчалик республика бўйлаб ягона стандарт асосида йўлга қўйилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, ташаббус фақат ўқитиш билан чекланмайди. Асосий мақсад таълимдан кейин аниқ иш ўринлари билан таъминлашдир. IT соҳасида фриланс ва масофавий иш имкониятларининг кенгайиб бораётгани, рақамли хизматларга талабнинг ортиши мазкур ёшлар учун ички ва ташқи бозорларда даромад топиш имконини яратади. Хорижий тилларни пухта ўзлаштириш эса уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширади. Шу тариқа “Иккинчи имконият” ғояси иқтисодий фаолликни рағбатлантирувчи ривожланиш модели сифатида намоён бўлмоқда.
Учрашув давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилиб, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнида “давлат - жамият - ёшлар” учлиги ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни кучайтиради. Зеро, ёшларнинг фикри инобатга олинган жойда ислоҳотлар самараси юқори бўлади.
Мазкур ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати инсон қадрини улуғлаш тамойилининг амалий ифодасидир. Ҳаётда адашган ёшга “тамға” қўйиш эмас, балки унга янги имконият бериш, ишонч билдириш ва қўллаб-қувватлаш орқали уни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш бу замонавий ва адолатли давлат сиёсатининг белгисидир. Ушбу ёндашув жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ижтимоий бирдамлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Умуман олганда, мулоқотда илгари сурилган ғоя ва вазифалар ёшлар сиёсатида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини англатади. “Иккинчи имконият” лойиҳаси минглаб ёшлар тақдирини ўзгартиришга қодир бўлган, аниқ механизм ва муддатларга эга, босқичма-босқич амалга ошириладиган кенг қамровли дастурдир. Энг муҳими, у инсонни жазо билан эмас, имконият билан тарбиялаш ғоясига асосланган.
Шу маънода, ушбу ташаббус нафақат айрим тоифадаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, балки бутун жамият барқарорлиги, иқтисодий ўсиш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА