Ойлаб давом этган тортишувдан сўнг Франция 2026 йил учун давлат бюджетини тасдиқлади. Парламентда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдирилган икки таклиф муваффақиятсизликка учради ва Бош вазир Себастьян Лекорню бошчилигидаги озчиликка нисбатан нисбий барқарорлик даври бошланди.
Бюджет муҳокамаси қарийб икки йил давом этди. Бунга 2024 йил ўтказилган муддатидан олдинги сайлов натижасида парламентда аниқ кўпчилик шаклланмагани, давлат молиясида сезиларли тақчиллик юзага келгани сабаб бўлди. Ўша жараёнда икки Бош вазир лавозимини тарк этди, молия бозори беқарорлашди ва Европадаги ҳамкорлар хавотирга тушиб қолди.
Шунга қарамай, Лекорню социалист депутатлар билан муросага келиб, уларнинг қўллаб-қувватловига эришди. Энди ҳукумат раҳбари янги бюджетни “давлат харажатини жиловлайдиган, аҳоли ва бизнесга қўшимча солиқ юкламайдиган муҳим ҳужжат” деб атади.

Гарчи, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизи даражасида қолаётган бўлса-да, сармоядорлар сиёсий барқарорлик ҳақида ижобий сигнал бера бошлади. Навбатдаги президент сайловигача бир йилдан сал кўпроқ вақт қолган бир пайт, бюджет масаласи ёпилиши Макронга нафас ростлаш имконини беради. Барибир, экспертлар фикрича, ўнг қанот кучайиб бораркан, Францияда 2027 йилги президентлик пойгаси тобора кескинлашади.
Мусулмон Зиё, ЎзА