Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож қилинган
17:49 / 2021-06-11

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда ерга оид муносабатларни тартибга солиш бўйича қатъий чора-тадбирлар белгиланаётган бўлса-да, ер билан боғлиқ низолар ҳамон давом этяпти. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер билан боғлиқ “ўйин”лари суғориладиган унумдор ерларнинг камайишига сабаб бўляпти. Маълумотларга қараганда, 2 йил давомида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож қилинган, ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. Прокуратура органлари томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорни бекор қилиш бўйича протест киритилган. Маъмурий судлар томонидан эса туман ҳокимликларининг ер билан боғлиқ 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган.

– Йил сайин аҳоли сони кўпайиб бораётгани, ўз навбатида, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ҳам оширади, – деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Аъзамжон Тўлабоев. – Бу эҳтиёж қондирилмагани оқибатида одамлар деҳқончилик учун ажратилган ерларда уй-жой қуриб олишга мажбур бўлмоқда. Уй-жой учун ер масаласида маҳаллий ҳокимликларга мурожаатлар сони ҳам ортиб бормоқда. Ер билан боғлиқ муносабатларда коррупцион ҳолатлар янада кўпайди. Мурожаатларни расмийлаштиришга ёрдам бериш ўрнига одамларнинг соддалигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган “мутахассислар”нинг ошиғи олчи бўлаётир. Қайд этиш лозим, ушбу фармон юқоридаги каби муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. Фармонда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган, – деди депутат.

Фармонда “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси белгиланган. Йиғилишда ЎзМТДП фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этиши, давлат ва халқ манфаатлари, қолаверса, партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиши лозимлиги таъкидланди.  

Шунингдек, халқ вакиллари сайловчилар билан бўладиган учрашувларда ушбу фармон мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиши, тушунтириши зарурлиги таъкидланди. Ер муносабатларига оид мурожаатларни ҳал қилишда янги ўзгариш ва тартибларга амал қилиш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА