Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки халқнинг муштарак мақсадлар йўлида амалга оширилаётган истиқболли келишувлар...
15:04 / 2022-10-11

Давлатнинг ривожланиши ва юксалишида ички ислоҳотлар билан бир қаторда, дунё давлатлари билан ҳам кўп томонлама ташқи алоқаларнинг ўрни жуда муҳимдир. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугун барча соҳаларда туб ўзгаришлар бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати бугун изчил амалга оширилмоқда. 3-4 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев стратегик мақсадларни ҳамда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Венгрия давлатига ташриф буюрди. Бу ташриф икки халқнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари, дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш учун яна бир муҳим пойдевор вазифасини бажаради. 

Жорий йил Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 30 йил тўлди. Бу даврда Венгрия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инновацион, ирригация, илмий, маданий ва туристик соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, парламентлараро алоқани ривожлантириш мақсадида 2020 йилдан буён Ўзбекистон Олий Мажлисида Венгрия Миллий Мажлиси (парламенти) билан бирга тузилган парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолият юритиб келади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб боряпти. Сўнги йилларда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошди.  

Шунингдек, Венгрия ташаббуси билан «Хунгарикум» дастури доирасида ҳар йили ўзбекистонлик талаба ва докторантлар таълим олиши учун квоталар сони 170 тагача оширилди. Бундан ташқари, “Stipendium Hungaricum” грант дастури доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги изланувчиларга таълим дастури таклиф этилиб, Этвош Лоран номидаги илмий-тадқиқот тармоғи билан ҳамкорликда Венгриянинг етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг лабораторияларида илмий изланишлар олиб бориш учун стажировкалар ташкил этилади. 

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, сармоядорларни ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилиш мақсадида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, бир қатор келишувларга эришилди. Жумладан, устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши, фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланиши ҳамда бизнес форумда умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам икки томоннинг ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги, давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишига хизмат қилади. 

Бугун Венгрия давлатида саноатнинг бир қанча турлари ривожланган бўлиб, хусусан, қишлоқ хўжалиги Шарқий Европада энг ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ҳудудининг 70 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги ерларидан иборат, асосий ўринни деҳқончилик эгаллайди. Бундан ташқари, машинасозлик, қора ва рангли металлургия, электроника саноати ҳам ишлаб чиқаришда юқори кўрсаткичга эга. 

Стратегик шерикликни янада ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, қишлоқ хўжалиги, ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида 15 та ҳужжат имзоланди. Жумладан: 

- 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур; 

- Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси; 

-Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси; 

- Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим; 

-Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди. Бундан ташқари, тузилган ўзаро келишувларни амалиётга тадбиқ етиш мақсадида Ўзбекистоннинг Будапештда дипломатик миссиясини очишга келишиб олинди. 

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, имзоланган истиқболли келишувлар икки халқнинг муштарак мақсадлар йўлида биргаликда ҳаракат қилиши учун янги босқични бошлаб берди. 



Зуҳра ИБРАГИМОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Спикери ўринбосари, 

«Адолат» СДП фракция раҳбари