Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.
Тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни янада либераллаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб:
биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиш;
тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиши (хабар қилиш) тартиби жорий этилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланади.
ЎзА