Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Монирул Исломни қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Бангладеш иқтисодий жиҳатдан дунёдаги энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Мулоқотда туризм, енгил саноат, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Элчи Бангладеш йирик компанияларининг Бухоро вилояти ҳудудида тўқимачилик кластерларини ташкил этишда иштирок этиши, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Ботир Зарипов Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, энг муҳими, инвестор ва ишбилармонларга ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.