French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки тил мутаржими
10:51 / 2025-03-17

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва таржимон Мирзаали Акбаров мана бир неча йилдирки, ўз бадиий асарлари, айниқса гўзал таржималари билан ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

У ҳозиргача ўттиздан ортиқ дунёга машҳур асарларни ўзбек тилига тажима қилиб, ўқувчилар меҳрини қозонди. Шундан бир нечтаси она тилимиздан бевосита олмон тилига қилинган таржималардир. Айниқса, унинг таржималари орасида Халқаро Нобель мукофоти соҳиби Ҳерманн Ҳессе  қаламига мансуб  “Чўл  бўриси” романи, улуғ олмон шоири ва мутафаккири Йоҳанн Вольфганг Гётенинг “Ҳикматлар хазинаси”,  буюк файласуф ва педагог Иммануил Кантнинг “Педагогика тўғрисида” ҳамда машҳур поляк адиби Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси” (устоз Озод Шарафиддинов билан ҳамкорликда) асарлари муҳим ўрин тутади.  

У шунингдек, В.Борхерт, Герҳард Бранстнер, Ф.Кристиан Делиус, Томас Манн ва Стефан Цвайг каби олмон ҳамда олмонзабон шоир ва ёзувчиларнинг кўплаб ҳикоя, эссе ва новеллаларини таржима қилди. Мутаржим бу асарлардан ташқари, академик Акмал Саидовнинг “Иммануил Кантнинг фалсафий-ҳуқуқий мероси ва замонавий юриспруденция” номли асарини, Ўзбекистон қаҳрамони, адиб ва таржимон Иброҳим Ғафуров мансураларини ва бир қанча ўзбек адибларининг шеър ва ҳикояларини бевосита немис тилига ўгирди.  

Адабий таржимон сифатида Австрия, Германия, Швейцария ва бошқа Европа мамлакатларида кўп марта ижодий сафарларда бўлган. У Германиядаги Халқаро Ҳерманн Ҳессе жамиятининг аъзосидир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган адабий-маърифий тадбир ана шу сўз заҳматкаши таваллудининг 70 йиллигига бағишланди. Унда сўзга чиққанлар,  ижокорнинг нақадар меҳнатсевар,  ўз ишининг устаси ва фидоийси эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо ўз фикрларини баён қилар экан, жумладан шундай деди:  

– Менга Мирзаали аканинг таржимон сифатидаги бир хусусияти ёқади. Бошқа хорижий тиллардан таржима қилувчилар кўп. Лекин Мирзаали ака она тилимиздан немис тилига ҳам таржима қилади. Шу пайтгача у юртимизнинг кўплаб шоир, ёзувчиларининг асарларини бевосита олмон тилига ўгирди. Бу ишлари билан у киши ўзбек – олмон дўстлигининг мустаҳкамланишига ҳам ўзининг камтарона ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Учрашув сўнггида уюшма томонидан  ижодкорга заҳматли, аммо баракали ижоди учун миннатдорлик билдирилиб, миллий тўн ва дўппимиз кийдирилди.

Туроб НИЁЗ,

ЎзА