Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки тил – бир илдиз: ўзбек ва урду тиллари ўртасидаги муштараклик
11:33 / 2026-02-10

Ҳиндистон субконтиненти, яъни Жанубий Осиё минтақаси ҳозирда Ҳиндистон, Покистон ва бошқа бир қатор мамлакатларни ўз ичига олади. 1947 йилгача бу давлатлар эгаллаган замин Ҳиндистон деб аталган.

Урду — Покистоннинг расмий ва Ҳиндистон Конституциясида тан олинган асосий адабий тилидан бири ҳисобланиб, Покистондаги Карачи, Равалпинди, Лаҳор, Исломобод ва бошқа шаҳарларда, Ҳиндистонда эса Уттар Прадеш, Биҳар, Маҳараштра, Андҳра Прадеш каби штатларидаги мусулмон аҳоли гаплашади.

Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Муҳайё Абдураҳмонованинг фактлар асосида тайёрлаган таҳлилига кўра, 664 йилда араблар Ҳинд дарёси водийсига бостириб кирадилар. 711-713 йилларда Муҳаммад ибн Қосим қўмондонлигидаги қўшинлар Синд ва Панжобнинг жанубий қисмини эгаллайди. Шу тариқа ҳозирги Покистон ҳудудида ислом дини тарқала бошлади. 750 йилда Уммавийлар халифалиги ағдарилгач, Синд мустақил давлатга айланди. Араблардан кейин биринчи марта ҳинд диёрига XI асрда турклар султони Маҳмуд Ғазнавий бошчилигидаги қўшин бостириб киради. Ғазнавийлар Ҳиндистонни эгаллашдан олдин Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёни  Қошғаргача забт қилган эди. Мана шу пайтдан ҳиндларни исломга киритиш жараёни бошланади. 1206 йили Султон Муҳаммад Ғурийнинг саркардаси Қутбитдин Ойбек Деҳлини эгаллайди.

13 асрда Деҳли султонлиги ташкил топди. Бу ердаги мусулмонларнинг катта қисми Ўрта Осиёдан эди. Албатта улар ўзи билан бирга маданияти, тили, расм- русуми ва урф- одатини олиб келган. Улар Бобур ҳужумига қадар 350 йил Ҳиндистонда ҳукмронлик қилганлар.

Бетўхтов урушлар, исёнлар ва босқинларига қарамай, Ҳинд дарёси ҳавзасидаги Лаҳор, Мўлтон, Пешовар, Татта каби йирик шаҳарлар муҳим иқтисодий ва маданий марказга айланиб, бир қатор мамлакатлар билан савдо муносабатларини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлган. Уларнинг бу мавқеи Бобурийлар давлати даврида ҳам сақланган.

Тарихчиларнинг айтишича, урду “ўрда” сўзидан келиб чиққан бўлиб, армия, қўшин тўпланган жой, деган маънони билдирган. Қадим юнон олимларининг ёзишича, ҳинд диёридан айрим маҳсулотлар Европага Амударё орқали Каспий денгизигача, ундан то Қора денгизгача олиб борилган. Шубҳасиз, ҳинд тожирлари Амударё бўйида яшаган аҳоли билан савдо-сотиқ қилганлар, мулоқотда бўлганлар.

Ҳиндистонни забт этган мусулмон доираларининг расмий тили форсий бўлган. Маҳаллий тиллар билан форсийнинг энг кўп тўқнаш бўлган жойлари бозорлар, ҳарбий лагерлар эди.

XVI асрдан бошлаб ҳинд савдогарлари (кўпинча сингҳ ва панжобликлар) Туркистонда карвонсаройлар қура бошлаганлар. XIX аср ўрталарига келиб уларнинг сони 15 тадан ошган. Бозорлар ва карвонсаройларда ўзаро мулоқот натижасида нафақат тил, балки турли маданиятлар, урф-удумлар ва қарашлар ҳам бир-бирига таъсир кўрсатган.

Покистонлик тарихчи, Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудида йиллар мобайнида археологик тадқиқот олиб борган олим Аҳмад Ҳасан Доний ”Халқларимиз ўртасидаги илмий, маданий, маънавий алоқаларнинг замирида бир томондан, Буюк ипак йўли турса, иккинчи томондан, Самарқанду Бухоро каби қадимий илму-фан марказларидан борган олиму-фузалолар, айниқса, тасаввуф аҳлининг маънавий-маърифий ғоялари, давлат арбобларининг бизнинг заминда ўлкани идора қилишдаги ўрни туфайли икки халқ, икки мамлакат ўртасида юзага келган ҳамкорлик ришталарининг чуқур илдизлари ётади” деб ёзган эди.

Олимнинг фикрича, бир ярим минг йил аввал Кушон ҳукмдорлари Марказий ва Жанубий Осиё халқлари ўртасида ўрнатган  маданий алоқаларни Буюк Ипак йўли мустаҳкам қилган бўлса, Бобур Мирзонинг сиёсати унга янги ҳаёт берди. У қолдирган улкан мерос самараси ўлароқ муштарак маданият юзага келди.

Бинобарин, кўп асрлик мана шу маданий-маънавий қадриятлар, анъаналар ва тарихнинг ўзаро уйғунлашуви тилда ўз аксини топди. Бу ҳодиса халқларимиз ўртасидаги тарихий, маданий, лисоний, диний яқинлигимизнинг бир инъикосидир. Марказий Осиёдан бу минтақага жуда кўп шоиру адиблар, ҳунарманду олимлар, сўфийлару дин уламолари келган ва бу жараён тилларимизда ҳам ўз аксини топган.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, урду тилидаги кўплаб сўзлар бевосита форс тилидан эмас, балки туркий тил орқали кирган. Айтиш жоизки, урду ва ўзбек тилларидаги муштарак сўзларнинг жуда кўпи бир хил маънога эга. Қуйидаги сўзлар икки тилда ҳам маъно-мазмуни ва айтилиши жиҳатидан бир хил. 

Масалан, урду тилидаги “ақл” сўзи ўзбек тилида ҳам ақл, идрок маъносини англатади. “Латифа” иккала тилда ҳам ҳазил-мутойиба, “иззат” иззат-ҳурмат, шунингдек, васият, вазн, асаб, илм, иблис, ишқ, гардан, гард каби сўзлар ҳам тилларимизда бир хил маънони билдиради.

Кейинги гуруҳ сўзлари шундайки, уларда маъно бир хил, аммо талаффузида фарқ бор. Бунда баъзи унлилар айтилиши жиҳатидан фарқ қилади. Масалан, урду тилидаги āshiq - ўзбек тилида ошиқ, асмāн - осмон, илтимāс - илтимос, гунāҳ - гуноҳ, āҳу – оҳу, ижāзат – ижозат, āфтāб           - офтоб, гумāн – гумон, бийāбāн - биёбон, бепāйāн – бепоён, йāр – ёр, йāд – ёд”, гирибāн -гирибон кабилар.

Разм солинса, урдуча сўзлардаги узун -а товуши ва қисқа -а товуши ўзбек тилидаги“о” товушига муқобил келади.

Учинчи гуруҳга оид шундай сўзлар борки, уларнинг маъноси урду тилида кенгроқ, ўзбек тилида эса торроқ, ёки аксинча бўлиши мумкин. Масалан, урду тилида яксāн сўзи “бир хил, мос, тенг” деган маънони берса, ўзбек тилида “барбод, йўқ қилинган” маъносига эга. Ёки хунāб сўзининг маъноси “қон аралашган сув, қонли сув” бўлиб, ўзбек тилида бу сўз “безовта, нотинч”, серāб “сувга тўла, лиммо-лим” бўлса, ўзбек тилида эса “жуда кўп, мўл-кўл”, саранжом - урду тилида “якун, натижа, бирон ишнинг якунига етиши”, ўзбек тилида эса ишни тартиб-интизом билан, ораста бажарувчи кишига нисбатан айтилади.

Ўзбек тилидаги қош сўзини кўрайлик: бу сўз қош маъносидан ташқари баъзи нарсаларнинг олд қисми ёки туртиб чиққан жойини англатади. Урду тилида эса “қирқим, қисм” деган маънодан ташқари карж, яъни қовун ёки тарвуз тилимини билдиради. Ўзбек тилида фароғат сўзи “осойишталик, тинчлик, роҳат” маъносига эга, урдуда эса “нажот, қутулиш, халос бўлиш, озод бўлиш” деганидир.

Тўртинчи гуруҳга маъноси бир-биридан буткул фарқ қиладиган сўзлар киради. Масалан, таклиф – бу сўз ўзбек тилида фикр, масала, маслаҳат, ташриф буюриш ҳақидаги чақириқни билдирса, урдуда “оғриқ, муаммо, дарду ғам, ранж, халақит бериш” каби маънога эга. 

Озода - ўзбек тилида “тоза, саранжом” маъносини билдиради, урдуда унинг маъноси “бирон нарсадан холи, қутулган” деганидир. Дафтар - ўзбек тилида ёзиш учун мўлжалланган восита бўлиб, урдуда “идора, ишхона, қонун қоидалар, ҳисобот” деган маънони беради. Яқин - бу сўз урдуда “ишонч” деган маънони билдирса, ўзбек тилида эса “яқин, узоқда эмас” деганидир.

Юқорида келтирилган мисоллар икки минтақа халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар натижаси ўлароқ юзага келган муштарак маданий-маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар ўзбек ва урду тилларидаги умумий сўзлар ва ибораларнинг шаклланиши ва ривожига яққол мисол бўла олади.

Мусулмон Зиё тайёрлади.

ЎзА