English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки сотих ердан 200 миллион сўм даромад
11:41 / 2024-03-05

Фарғона вилоятида томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган оилалар жуда кўп. Олтиариқ, Риштон, Бешариқ, Қува сингари туманлар қишлоқларида кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини фаровон қилмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда.

Бағдод туманида истиқомат қилувчи Шуҳратжон Хурсанов ўз томорқасида Нидерландия лоласини парваришлашни йўлга қўйди. Шу мақсадда икки сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, Нидерландиядан келтирилган 25 турдаги лола пиёзчаларини гидропоника усулида етиштирмоқда. Бу усулда уруғ тупроққа эмас, сувга экилади ҳамда узоқ масофаларга ташишга яроқли бўлади.

–Шу кунларда дастлабки ҳосилни йиғиштириб олиб, хорижга экспорт қилишни бошладик, –дейди Ш. Хурсанов.–Тўғри, гулчиликнинг харажати катта, аммо даромади ҳам шунга яраша бўлади. Икки юз миллион сўмга яқин даромад олдик. Ҳозир ушбу фаолиятни кенгроқ миқёсда ривожлантириш учун янги бизнес-режа тайёрлаяпмиз.

Бешариқ тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Шуҳратжон Хўжақулов хонадонидаги иссиқхонада турфа гуллар етиштирилмоқда.

У 10 сотих майдонда 510 миллион сўм маблағ сарф этиб, иссиқхона барпо этди. Бугун ушбу иссиқхонада 100 хилдан ортиқ гул кўчатлари парвариш қилинмоқда. 20 нафар маҳалладоши иш билан таъминланди.  

Ўтган йили 6 сотих жойда етиштирилган гул кўчатларидан 300 миллион сўм соф даромад олинди. Гуллар вилоятларга, қўшни Тожикистонга ҳам етказиб берилмоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири