Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки орзу — бир келажак
11:47 / 2026-01-11

Иқтисодиёт ва опера. Ақл ва қалб. Рақам ва оҳанг. Бир қарашда икки хил олам. Лекин аслида — битта йўл: маърифат, камолот, келажак.

Бугун бу икки оламда қадам қўяётган икки қиз бор — жияним Мубинахон Мирзаева ва қизим Мумтозбегим Очилова. Улар турли йўлда ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, мақсадлари уйғун: орзудан мақсадга олиб борувчи йўлда эзгулик ва масъулият билан олға қадам қўймоқда.

Мубинахон 20 ёшда. АҚШнинг Миссисиппи штатидаги машҳур University of Mississippi (Ole Miss) университетида бакалавр даражасини олиш арафасида. Бу йиллар унинг ҳаётида энг сермазмун, энг масъулиятли давр бўлди.

Иқтисодиёт фақат рақамлардан иборат эмас. Бу — қарор, жавобгарлик ва жамият тақдири. Мубинахон ана шу оғир, лекин шарафли йўлни танлади. Ole Miss унинг фикр оламини кенгайтирди, жамиятга дахлдорлик ва танқидий тафаккурни ўргатди. Шу муҳит уни нафақат билим, балки дунёқараш билан бойитди.

Мумтозбегим эса Сан-Франциско мусиқа консерваториясида опера йўналишида таҳсил олмоқда. Санъат — бу жасорат. Саҳна орқали қалбларга эзгулик улашиш, овоз орқали тақдирларни сўзлаш ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Яқин кунларда у катта опера саҳнасида илк бор бош ролни ижро этади — бу болалик орзусининг амалга ошиши ва меҳнат самарасининг намоён бўлиши.

Иқтисодиёт жамиятнинг танасини тиклайди, санъат эса руҳини сақлайди. Ана шу уйғунлик миллатнинг келажагини белгилайди.

Мубинахон ва Мумтозбегим нафақат қариндош, балки чинакам дўст. Бир-бирини тушунади, қўллаб-қувватлайди, илҳомлантиради. Уларнинг дўстлигини кўрганда юрагим қувончга тўлади — бугунги кунда чин дўстлик ҳам энг катта бойликлардан бири.

Ҳар йили қишки таътилда улар Чикагога, акаси Жасуржон хонадонига келишади. Бу йил ҳам тақдир бизга совға қилди: қишки таътилни қизим ва жияним билан бирга ўтказиш насиб этди. Қорли Чикаго, ёруғ кечалар ва хотиралар — улар умрлар давомида ёдда қолади.

Мубинахоннинг таълимига оилавий қўллаб-қувватлаш орқали ҳақиқий инвестиция киритилмоқда. Бу — фақат моддий ёрдам эмас, бу — илмга ишонч, келажакка сармоя. Бир қизалоқ тақдирига қўйилган бу сармоя аслида, мамлакат эртанги кунига қўйилган ҳиссадир.

Бугун Мубинахон диплом олиш арафасида, Мумтозбегим эса опера саҳнаси остонасида турибди. Иккиси ҳам ҳаяжонда.

Иқтисодиёт ва санъат, ақл ва қалб, мантиқ ва оҳанг — улар бир-бирини тўлдиради. Ана шу уйғунлик — Янги Ўзбекистоннинг келажак портрети.

Бундай билимли, маърифатли ва жасур ёшлар билан келажак қурилади. Улар фақат орзу эмас, улар — ишонч ва умид.

Мубинахонга ҳам, Мумтозбегимга ҳам йўл очиқ бўлсин. Орзулари мақсадга, мақсадлари тақдирга айлансин. Чунки бу икки қиз — икки орзу эмас. Бу — бир келажак.

Гулчеҳра Мирзаева, ЎзА