Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Икки оила: бирида жиноятчи, бирида кашфиётчи улғайди
12:59 / 2020-01-09

Бугун ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланмоқда. Юртимизда ҳатто кичик ёшлилар ҳам АКТ ва интернет тармоғидан кўп ва хўб фойдаланиши маълум. Хўш, бу каби ривожланиш ёшларга қандай таъсир кўрсатяпти? Унинг фойдаси-ю зарари қандай?


Бугун ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланмоқда. Юртимизда ҳатто кичик ёшлилар ҳам АКТ ва интернет тармоғидан кўп ва хўб фойдаланиши маълум. Хўш, бу каби ривожланиш ёшларга қандай таъсир кўрсатяпти? Унинг фойдаси-ю зарари қандай?

Азиз Абдулҳаев 17 ёшда. Ота-онаси ажрашганда у 12 ёшда эди. Шундан сўнг унинг феъл-атворида ўзгаришлар кузатилди. Синф раҳбари, мактаб психологи унинг ота-онасига буни тушунтиришди. Онаси фарзандининг тўла-тўкис яшаши, ўртоқларидан кам бўлмаслиги, қорни тўқ, усти бут бўлиши учун бор кучини сарфлади. Азизни синглиси билан бирга тоғасига қолдириб, хорижга ишлашга кетди. Аммо ўғли билан суҳбатлашишга, дўстлашишга вақт тополмади. Ота ўрнини босолмади. Йиллар уларни узоқлаштирди. Бола онасини фақат моддий таъминлайдиган пул манбаси сифатида кўрди.

Ўғил қийинчиликсиз, моддий таъминотида муаммоларсиз улғайди. У ҳам тенгдошлари қатори интернетдан фойдаланарди. 15 ёшида маҳалладаги уйга рухсатсиз киргани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг огоҳлантиришини олган. 16 ёшида турли интернет сайтларига кириб, пул ишлаб топиш мумкин, деган ёлғон хабарларга ишониб йўлдан адашди. Онасининг панд-насиҳатлари таъсир қилмади. У тақиқланган ташкилотларнинг ёлғонлари, алдовларига ишониб қолди. Шу билан катталарнинг битта хато қадами боланинг ҳаётини ёмон томонга ўзгартириб юборди.

Суҳроб Ҳайдаров Навоий вилояти, Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида таҳсил оларди ва шу билан бирга бўш вақтида ижтимоий тармоқлар орқали дастурлаш, робототехника йўналиши бўйича мустақил билим ола бошлади.

У оиланинг тўнғич фарзанди. Шу боисми, масъулиятни чуқур ҳис этади. Болалигидан синган ўйинчоқларини ўзи тузатишга уринарди. Боладаги қобилиятни пайқаган ота фарзандига янада кенгроқ имконият яратиб берди. Унга интернетдан қандай фойдаланишни ўргатиб, қуриш ва ясаш бўйича видеороликлар кўришни тавсия қилди. Шу билан бирга Суҳроб 4 тилни – ўзбек, рус, инглиз ва корейс тилларини ўрганди.

Ота-онаси ўгитларига амал қилган Суҳроб ижтимоий тармоқлардан фойдали видеороликларни кўра бошлади. Робототехникага оид лавҳаларга кундан-кун қизиқиши ортиб борди. Ёшига ёш қўшилган сари ахборот технология соҳасига қизиқиб, нималарнидир ўйлаб топадиган бўлди, турли ихтиролар қила бошлади.

У 15 ёшида илк бор “Ақлли катак”ни ихтиро қилди. Бу янгилик товуқларни профессионал боқиш учун яратилганлиги мутахассислар томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлган. Мазкур ихтиро Суҳробга яна янги марралар учун куч берди. “Робот Макс” каби ИТ лойиҳаларини ярата бошлади. Макс исмли робот инглиз, француз ва корейс тилларида эркин сўзлашиши, шу билан бирга, 7 ёшгача бўлган болаларга ушбу тилларни ўргата олиши билан эътиборга тушди.

Аста-секин қатор робототехника олимпиадалари ҳамда кўрик-танловларида қатнашган Суҳроб Ҳайдаров фахрли ўринларни эгаллади. 2018 йилнинг октябрь ойида “Иқтидорли ёшлар форуми”да ўз йўналиши бўйича ва “Youth techno art-2018” республика танловида “Робототехника” йўналишида 1-ўринни эгаллаб, халқаро “Youth techno art-2019” фестиваль-танловида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Венгриянинг Дьор шаҳрида 2019 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган WRO 2019 халқаро робототехника олимпиадасида 1-ўринни эгаллаб, EDUTUS университетида 100 фоизлик имтиёзли грант асосида ўқиш имконига эга бўлди. Youth techno art-2019 халқаро робототехника олимпиадасида ҳам ғолиб бўлди.

Ҳозир Суҳроб Ҳайдаров ёш бўлишига қарамай, Навоий вилояти “Баркамол авлод” болалар марказида ташкил этилган “Ёш олимлар клуби”га раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, у “IT PARK” ҳузуридаги “Рақамли технологиялар маркази”да “Робототехника” бўйича ментор вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Болани тўғри йўналтириш асосан ота-онага боғлиқ. Ижобий оилавий муҳит, таълим муассасаси, педагогнинг маҳорати билан ҳар бир ёш ўз салоҳиятини юзага чиқариши мумкин. Аммо ҳаёт синовлару тўсиқларга тўла. Шу билан бирга имкониятлар ҳам мавжуд. Танловни эса ҳар кимнинг ўзи амалга оширади.