Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳар ва туман марказларида, аҳоли пунктларида экологик ҳолат ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, жумладан ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳитга эътиборини кучайтириш, она табиатимизни сақлаш, шу орқали ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг йиғилиш баёнига мувофиқ, 19-20 февраль кунлари Оролбўйининг шаҳар ва туманларида “Яшил макон – келажак саломатлик асоси” шиори остида акция ташкил қилинди.

Акциянинг дастлабки куни барча фаол ёшлар ва она табиатимизнинг экологик вазиятига бефарқ бўлмаган турли ташкилот, корхона ходимлари Нукус шаҳридаги “Жийдали бойсун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасига қарашли 6 гектар майдонда турли мевали ва манзарали дарахт кўчатини экишда иштирок этди.
Экологик мураккаб шаротида яшаб келаётган Оролбўйи аҳолиси учун ушбу акция муҳим аҳамият касб этади. Буни яхши ҳис қилган меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, аҳоли ўзи яшаб меҳнат қилаётган ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этди. Чунки акцияни ташкил этишдан мақсад, она табиатга инсонларнинг меҳрини уйғотиш, соғлом келажак барпо этиш, кейинги авлод учун муносиб соғлом муҳитни яритиб беришдан иборатдир.

Таъкидлаш жоиз, кўчат экиш ишлари ҳисобот учун эмас, балки ўсиб ривожлангач, аҳоли саломатлигига фойдаси тегиши учун ташкил этилмоқда. Шунинг учун ҳам ҳудуднинг иқлим шароитига мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини экишга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг иқлими ва сув танқислигини инобатга олиб, асосан каталпа, павловния, япон сафораси, қайрағоч, тут ва акация сингари дарахт кўчатларини экиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
– Акция доирасида турли мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, унда ёшларимизга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиатимиз ва унинг бойликларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, шулар қатори сувни исроф қилмаслик, табиатнинг бебаҳо неъматларидан унумли фойдаланиш, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига меҳр кўрсатиш бўйича тушунчалар берилди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши раиси Арухан Исмаилова. – Жумладан, Нукус шаҳридаги 34-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган “Экологик маданиятни оширишда оила ва мактабнинг ўрни” мавзусидаги учрашувда Экологик партия томонидан амалга оширилаётган “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остидаги “Долзарб 15 кунлик” лойиҳаси тўғрисида батафсил маълумот берилди. Экологик маданиятни шакллантириш оилада, ривожлантириш эса мактабда амалга оширилади, шу сабабли учрашувга нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар, ота-оналар ҳам таклиф этилди.

Акциянинг иккинчи куни Нукус туманидаги “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғинида давом этди. Тадбирда олий ўқув юртларидан 500 нафардан зиёд ёш иштирок этди. Улар томонидан 3750 туб мевали, 2 минг тубга яқин манзарали дарахт кўчати қадалди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасидан олинган маълумотга кўра, икки кун давом этган “Яшил макон – келажак саломатлик асоси” шиори остидаги акция доирасида шаҳар ва туманларда жами 655 минг 500 туб мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА