Сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланишини камайтириш, атмосферада чанг ва заҳарли газлар кўпайишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Махсус техникалар ёрдамида кўча ва йўл бўйларини намлантириш ташкил этилиб, аҳоли гавжум бўладиган ҳудудлар, кўчаларда мунтазам равишда сув сепилмоқда, дарахтлар ювиляпти.

– Самарқанд шаҳридаги кўчаларга сув сепиш, дарахтларни ювиш ишлари туманларга ҳам кўчди, – дейди Самарқанд вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходими Шерали Искандаров. – Шаҳар ва туманлар марказидаги фавворалар кундуз кунлари ишлатиб қўйилмоқда. Икки ҳафта ичида 100 мингдан ортиқ дарахтни тозалаш режалаштирилган бўлиб, бу ишга 150 га яқин махсус техника жалб қилинган.

Бу ишлар билан бирга аҳолининг экологик маданиятини ошириш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик бўйича тушунтириш-профилактика ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур тадбирлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётган бир пайтда бажарилаётгани аҳоли, айниқса, ёшларда табиатга, ўсимлик дунёсига меҳр пайдо бўлишига хизмат қилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири