Буюк сўз санъаткорлари — Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Икки буюк сиймо, икки ҳушзабон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими вакиллари, Сирдарё вилояти Маданият бошқармаси мутахассислари, Сирдарё вилояти Мусиқали драма театри ижодкорлари, шунингдек, ахборот-кутубхона маркази ходимлари ҳамда Миллий гвардия Ўқув маркази ҳарбий хизматчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар Навоий ва Бобурнинг халқ маънавияти ва миллий ўзликни шакллантиришдаги беқиёс ўрнига алоҳида тўхталиб ўтишди. Таъкидланганидек, ҳазрат Навоий ўзининг “Хамса” асари, ғазал ва рубоийлари орқали туркий тилнинг бадиий имкониятларини юксак поғонага кўтарди, инсонпарварлик, адолат, вафо ва комиллик ғояларини тараннум этди. Унинг асарлари асрлар давомида маънавий камолот мактаби вазифасини ўтаб келмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса нафақат давлат арбоби ва саркарда, балки нозиктабиат шоир ва мутафаккир сифатида ҳам тарихда чуқур из қолдирган. Унинг “Бобурнома” асари нафақат бадиий қиммати, балки тарихий-географик маълумотларга бойлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бобур шеъриятида Ватан соғинчи, садоқат, жасорат ва эзгулик ғоялари мужассам бўлиб, у ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим манба ҳисобланади.

Маънавий-маърифий кеча давомида шоирлар ижодидан намуналар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ижодкорлар томонидан Навоий ва Бобур ғазалларига басталанган қўшиқлар ижро этилди. Ҳар бир чиқиш буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини, аксинча, миллий ғурур ва маънавий баркамолликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди.
Тадбир иштирокчилари икки даҳонинг ўлмас мероси халқимизнинг маънавий хазинаси экани, уни ўрганиш ва тарғиб этиш ҳар биримиз учун юксак масъулият эканини қайд этишди.
Ғулом Примов, ЎзА