Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир. Айниқса, февраль ойи юртимизда улуғ мутафаккирлар ойи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Бу ойда ёшларнинг буюк аждодларимиз — Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур бой илмий-адабий меросини ўрганишга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг ҳаёти ва ижодига ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Икки буюк сиймо” мавзусида адабий-маърифий тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбир улуғ мутафаккирларимиз таваллуд саналари муносабати билан ўтказилиб, уларнинг миллий ва жаҳон адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига бағишланди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо илмий-ижодий мероси, ўзбек адабиёти тараққиётида тутган ўрни, улар асарларида мужассам юксак умуминсоний ғоялар, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва ифода имкониятлари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Таъкидланганидек, алломаларимиз асарлари асрлар давомида миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллаб келмоқда.

Тадбирнинг бадиий қисмида эса талаба-ёшлар томонидан саҳнавий чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, буюк шоирлар қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар ифодали тарзда ёддан ўқилди, миллий куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА