Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВнинг уч авлоди Самарқандда учрашди
17:33 / 2021-11-24

Самарқандда “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, вазирлик фахрийлар кенгаши аъзолари, вилоят ички ишлар тизими фахрийлари, ёш ходимлари ҳамда талаба ёшлар иштирокида ўтган учрашувда соҳа фаолияти, бугунги кунгача бўлган жараён ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Раҳмонов учрашувга ташриф буюрган меҳмонларнинг ибратли фаолияти, самарқандлик фахрий раҳбарлар ҳақида маълумот берди.  

Шундан сўнг меҳмонлар ўз фаолиятидаги эътиборли воқеалар, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, бугунги кунда ходимлар олдида турган вазифалар юзасидан фикр алмашди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви”дан кўзланган асосий мақсад тизимда фаолият олиб бораётган ёш ходимларга, ички ишлар органларига хизматга кириш орзусидаги ёшларга соҳанинг моҳиятини англатиш, унинг масъулияти ва шарафини чуқур сингдиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессори, полковник Шариф Қобилов. – Жалолиддин Румий “менга ақл ўргатадиган эмас, ўзининг ибратли фаолияти билан ўрнак бўладиган инсонлар керак” деган экан. Бугунги тадбиримизда ҳам тизимда самарали меҳнат қилиб, ўзидан муносиб из қолдирган фидойи ходимлар ёш авлодга ўзларининг узоқ йиллик фаолиятлари давомида бошидан ўтказган қийинчиликлар, мураккаб вазиятлар ва албатта, эришган муваффақиятлари ҳақида гапириб берди. Жумладан, кўп йиллар давомида вазир, вазир ўринбосари, академия бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, вазир ўринбосари, бошқарма бошлиғи вазифаларида фаолият юритган генерал-майор Раим Каримов, узоқ йиллар тизимда турли лавозимларда меҳнат қилган полковник Аваз Азизхўжаевларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти бугунги ёш ходимларга, соҳага қизиқаётган ёшларга ўзига хос мотивация беради. Ўйлайманки, учрашув давомида фахрийларимиз таъкидлаб ўтган маслаҳатлар, ўз фаолиятларидан келтирган ҳаётий мисоллар ёш ходимларга ибрат бўлади ва улар ҳам устозлари сингари тизимда самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилади.

[gallery-4787]

Учрашув давомида ёш ходимлар, ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқувчилари, олий таълим муассасалари талаба ёшлари фахрийларга ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, соҳага оид, тизимда самарали фаолият юритишда аҳамият бериш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлди.

– Бобом ва отам ички ишлар тизимида фаолият юритиб, элу юрт ичида обрў-эътибор қозонган, – дейди ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқувчиси Шаҳноза Қўзибоева. – Шу боис, ушбу соҳага болалигимдан қизиқиш юқори. Отам бу соҳа қиз болага тўғри келмаслигини таъкидласада, қизиқишим сўнмади. Мақсадимга эришиш йўлида ИИВ Самарқанд академик лицейида таълим олаяпман. Бугунги учрашув давомида собиқ вазирлар, ўринбосарлар, умуман тизимда самарали фаолият юритиб, юксак натижаларга эришган фахрийларнинг соҳа ҳақидаги фикрларини эшитиб, бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни тинглаб қизиқиш янада ортди. Албатта, келгусида академияга ўқишга кириб, ички ишлар соҳасида ота-боболарим сингари юртимизга муносиб хизмат қиламан.

Учрашув якунида генерал-лейтенант Б. Матлюбов ва бошқарма бошлиғи полковник Ш. Рахмонов 7 нафар фахрийларга “ИИВнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонини тантанали топширди. Шунингдек, бир гуруҳ фахрийлар ва ёш ходимларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА