Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти аҳолини ҳозирги об-ҳаво шароитида йўлларда огоҳ бўлишга чақирди.
Департамент ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова йўлларда нималарга эътибор қаратиш кераклигини эслатди:
– Йўл ҳаракати иштирокчилари қор кўринишидаги ёғингарчиликлар, қалин туман тушиши ва кучли шамол ҳолатлари йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишига сабаб бўлишини инобатга олган ҳайдовчилардан техник носозликлар бўлган транспорт воситаларидан, айниқса, иситиш тизими носоз бўлган, автотранспорт ойналари терлаб сунъий парда ҳосил қилиб, кўринишни чеклайдиган транспорт воситаларидан фойдаланмасликни сўраймиз.
Протектор излари едирилиб кетган автотранспорт баллонларини имкон қадар қишда юришга мўлжалланган баллонларга алмаштириш зарур.
Белгиланган тезлик талабларига аниқ риоя қилиш ва оралиқ масофани хавфсизлик даражасида ушлаш, транспорт воситасини чарчоқ ва маст бўлган ҳолда бошқармаслик мақсадга мувофиқ.
Тоғли ҳудудларда, довон йўлларида, жумладан, водий вилоятларини марказ билан боғловчи “Қамчиқ” довонида транспорт бошқаришда ўта ҳушёр бўлиш, бошқариш малакасига эга бўлмаган ҳайдовчилардан эса бу ҳудудларда ҳаракатланмасликни сўраймиз.
Юк автомобиллари ҳайдовчилари ҳамиша ўнг томондаги биринчи бўлакдан ҳаракатланиши лозим. Чунки, катта ҳажмли автотранспорт йўлларда бошқа ҳайдовчиларга ноқулайликлар туғдириб, нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Пиёдалардан йўлларни фақатгина махсус белгиланган жойлардан ўтишни, ўтаётган вақтда йўл белгиларига амал қилиб, гаджетлардан фойдаланмасликни илтимос қиламиз.
Азиз юртдошлар, унутманг, ҳар биримиз йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга масъулмиз!
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ENbpcnyhSEs" title="IIV: yo`llarda ogoh va hushyor bo`ling!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Абдураимова, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА