Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: Янги йил байрами тинч ва осойишта ўтиши учун барча чоралар кўрилмоқда
14:36 / 2023-12-18

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда “Президент арчаси” тадбирлари ҳамда “Янги йил байрами”ни юқори савияда ўтказилиши белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова қарор ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:  

– Жорий йилда жами 250 объектда байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилиб, мазкур тадбирларда тахминан 1 миллион нафар фуқаро иштирок этиши кутилмоқда.  

Байрам тадбирлари давомида намунали жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳамкорликда барча ташкилий, профилактик, тезкор-қидирув ва бошқа чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Хусусан, байрам тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментида идоралараро тезкор штаб ва ишчи гуруҳи ҳамда вилоятлар ва шаҳар-туманларда Жамоат хавфсизлиги хизмати негизида тезкор штаб ва ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.  

Байрам тадбирларида хавфсизликни таъминлаш бўйича 17 мингга яқин куч-воситалар шай ҳолатга келтирилди. Жумладан, 11 минг 401 нафар ички ишлар, 3 минг 698 нафар миллий гвардия ва 1 минг 835 нафар фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими ва ҳарбий хизматчилари жараёнга сафарбар этилган. Уларга 5 минг 994 алоқа ва 1 минг 645 автотранспорт воситалари, 2 минг 284 металлодетектор ҳамда 276 та бош хизмат итлари ажратилди.  

Байрам тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашни намунали ташкил этиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг фармойишга асосан, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти кучайтирилган тартибга ўтказилди.  

Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектлар атрофига видеокамералар ўрнатилиб, мониторинг марказларига интеграция ишлари амалга оширилди.  

“Президент арчаси” ва Янги йил байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларнинг техник ҳолати тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, носоз аттракционлар ва бошқа носоз ўйин қурилмаларнинг ишлатилишига йўл қўйилмаслиги назоратга олинди.  

Байрам тадбири ўтказиладиган жойларда адашиб қолган ёш болаларни вақтинча сақлаш учун алоҳида хоналар ташкил этилиб, уларга инспектор-психологлар бириктирилиши белгиланди.  

Байрам муносабати билан Тошкент шаҳри ва республиканинг барча йирик шаҳарлари ҳамда туман марказларида жойлашган деҳқон бозорлари, йирик савдо комплекслари ва чакана савдо шохобчаларида ташкил этиладиган “Махсус ярмарка савдолари” атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар ва Миллий гвардия патруллик гуруҳлари ташкил этилди.  

Спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи дўконларда алкоголь ичимликларнинг қуйиб сотилиши алоҳида назорат олинди. Истеъмолга яроқсиз, қўлбола тайёрланган алкоголь маҳсулотлари ноқонуний сотилишининг олдини олиш чоралари кучайтирилди.  

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни “Меҳр-саховат уйи” ва Реабилитация марказига жойлаштириш чораларининг кўрилиши белгиланди.  

Байрам тадбирлари ўтказилаётган вақтда электр энергияси, газ, сув, ободонлаштириш ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳар қандай вазиятга шай ҳолатда бўлиши ҳамда туну-кун навбатчилиги ташкил этилишининг таъминланиши назоратга олинди.  

Шунингдек, байрам тадбирлари ўтказиладиган объектлар атрофидаги йўл-инфратузилмаси тартибга келтирилди. Тадбирлар ўтказиладиган жойлар атрофида транспорт воситалари учун етарли сиғимдаги автотурагоҳлар ташкил этилиб, зарурий ҳолатларда айрим кўча ва йўлларда транспорт ҳаракатланиши чекланади. Байрам кунлари йўлларда, жумладан, тоғли ҳудудлар йўналишида автомобилларнинг тирбандлиги ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича барча зарур чоралар кўрилиши белгиланди.  

Н.Абдураимова, ЎзА