Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: тезкор-қидирув тадбирларида наркожиноят, одам савдоси ва фирибгарлик аниқланди
13:26 / 2026-02-09

Жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг тинч ва хотиржам яшашига шароит яратиш давлатимизнинг доимий эътиборида.

Шу мақсадга қаратилган тадбирларда Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари жиноятчиликнинг олдини олишга аҳамият бермоқда.  

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда интернет тармоғи орқали наркотиклар олди-сотдиси ва уларнинг наркоканалларини аниқлашга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида 1983 йилда тугилган фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган 1992 йилда туғилган шахсга оғирлиги 1 кг. бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини 38 минг АҚШ доллари эвазига сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.  

Гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муомаласи тўхтатиб қолиниши натижасида аҳоли заҳарланишининг олди олинди. Акс ҳолда 100 минг дозага тенг бўлган бу наркотик модда минглаб инсонлар ҳаётига хавф туғдирган бўлар эди.  

Мазкур ҳолат юзасидан наркоташувчига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.  

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда тезкор-қидирув натижасида одам савдоси билан боғлиқ оғир жиноят фош этилди.  

Аниқланишича, 1997, 1998 ва 2023 йилларда туғилган бир нафар аёл ва икки нафар эркакдан иборат жиноий гуруҳ ўзаро олдиндан тил бириктириб, ғаразли мақсадларни кўзлаган ҳолда фаолият олиб борган. Улар моддий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож аёлларни “нишон”га олган. Сурхондарёлик ва қашқадарёлик икки нафар аёл уларнинг тузоғига илинган. Чунки, Туркияда яхши иш, яхши маош борлиги билан боғлиқ ваъдалар уларни вояга етмаган фарзандларини қолдириб, йўлга отланишга ундаган.

Махсус рейд давомида олиб борилган суриштирув ишлари натижасида жиноий гуруҳ ёлғон ваъдалар билан аёлларни одам савдоси қурбонига айлантиришни мақсад қилгани аниқланди. 

“Тошкент – Истамбул” авиарейсига чиқа олмаган аёллар аслида жинсий экплуатация қурбони  бўлишдан асраб қолинди.  

Жиноий гуруҳ аъзоларига Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.  

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи  хусусий туристик фирма ишчиси нотаниш фуқаролар ишончига кириб, “Умра” зиёратига жўнатиш эвазига олдиндан келишилган 2,5 минг АҚШ доллар миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-модда 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, Умра зиёратини Ўзбекистон мусулмонлар идораси “Ҳаж” ва  ”Умра” маркази ёки Вазирлар Маҳкамасининг 668-сон қарорига кўра бундай тадбирларни ташкил этиш, ўтказиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари орқали қонуний амалга ошириш мумкин.  

Қонунга зид, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА