Эртага – 25 май куни мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ўқув йили якунланади. Шу муносабат билан таълим даргоҳларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилади.
Тадбирларнинг файзли ва хавфсизлик таъминланган ҳолда ўтиши учун қандай ишлар амалга оширилади? Бу саволга Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова жавоб берди:
– Бу борада ҳукуматимизнинг тегишли қарори қабул қилинган. Шунга асосан жорий йил 25 май куни республикамиз бўйлаб 10 минг 182 таълим муассасасида “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирлар давомида хавфсизликни таъминлашга 13 минг 540 нафар ички ишлар, 4 минг 740 нафар миллий гвардия ва 7 минг 817 нафар фавқулодда вазиятлар ходимлари хизматга жалб этилади.
Бундан ташқари, 176 маданият ва истироҳат боғларида ҳам зарур чоралар кўрилади. Чунки бу манзилларга тахминан 363 мингга яқин фуқаро келиши кутилмоқда.
Таълим муассасалари ҳамда маданият ва истироҳат боғларида мавжуд видеокузатув камералари тафтишдан ўтказилиб, ҳудудий ички ишлар органлари ва вазирлик ситуацион марказларига интеграция қилинади. Назорат кун-у тун йўлга қўйилади. Бу масканларга ташриф буюрадиган фуқароларни текшириб ўтказиш, объектлар ҳудудига бегона шахсларнинг киришига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.
Тадбир ўтказиладиган объектларга патруль-пост хизмати нарядларининг йўналишлари кучайтирилиб, асосий эътибор таълим муассасаларининг бевосита атроф-ҳудуди ҳамда кириш-чиқиш дарвозалари олдида транспорт воситалари, шунингдек, бошқа шубҳали буюм ва предметларни қолдириб кетилишига йўл қўймасликка қаратилади.
Тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кўча ва жамоат жойлари, кўнгилочар жойлар, кафе-барларда ўқувчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб “Битирув оқшоми”ни ўтказиши ҳамда чўмилиш ҳавзаларига боришининг олдини олиш чоралари кўрилиб, патруль-пост хизмати нарядларининг йўналишлари яқинлаштирилади.
Болалар билан боғлиқ нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида йўлларнинг асосий қатнов қисмларига яқин масофада жойлашган таълим муассасалари атрофида йўл-патруль хизмати нарядлари бириктирилиб, хавфсиз масофаларда транспорт воситалари учун автотураргоҳлар ташкил этилади. Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бевосита автомобиль йўлларига ёндош жойлашган тадбир жойлари атрофидаги йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинчалик чеклаш чоралари кўрилади.
Жорий йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган тадбирлар маданият саройлари, театрлар ва истироҳат боғларида ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир ўтказилиши режалаштирилган жами 226 та маданият ва истироҳат боғларида хавфсизликни таъминлаш учун 5 минг 539 нафар ички ишлар, 1 минг 874 нафар миллий гвардия ва 1 минг 171 нафар фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилари хизматга жалб этилади.
Ҳокимликлар ҳамда бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда байрам тадбирлари ўтказиладиган маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати атрофлича ўрганилиб, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган объектларда ва жойларда тадбирлар ўтказилишига ҳамда ушбу жойлардаги носоз аттракционлар ва бошқа ўйин қурилмаларининг ишлатилишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.
Тадбир ўтказиладиган жойларда ота-онасидан адашиб қолган ёш болаларни вақтинча сақлаш учун алоҳида жиҳозланган хоналар ташкил этилмоқда.
ИИВ барча ота-она ва катталардан байрам тадбирлари ўтказиладиган кунлари алоҳида диққатли бўлиб, ёшлар томонидан қоидабузарлик ҳолатлари содир этилишига йўл қўймаслик чораларини кўришни сўрайди.
Н.Абдураимова, ЎзА