Дунёда кечаётган беқарор муҳит, давлатлар тинчлигига раҳна солаётган урушлар ҳушёр ва огоҳликни ошириш, хавфсизликка қатъий риоя этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ички ишлари вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликка қандай риоя этилаётганини кўздан кечирди.

Тизимда хизмат олиб бораётган ходимлари билан учрашиб, аэропортларда хавфсизликни янада кучайтириш, йўловчиларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ходимларнинг касбий малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вазир ўринбосари томонидан аэропорт ҳудудида жамоат тартибини таъминлаш, йўловчилар ва меҳмонларга нисбатан хушмуомалалик маданиятини юксалтириш устувор вазифа экани таъкидланди.
Учрашув якунида масъул раҳбарларга белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА