Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: қотил ёллаган жиноий гуруҳ қўлга олинди
12:39 / 2026-02-13

Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ишончли ҳимоя қиладиган мустаҳкам тизим яратилган.

Ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан кафолатланади ва унга нисбатан ҳеч кимнинг куч ишлатиб, тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқ.

Аммо буни унутиб қўяётган, халқимиз тили билан айтганда, “ўзини хон – кўланкасини майдон” санаб юрганлар ҳам йўқ эмас.  

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ)тизими ходимлари бундай ҳолатларга нисбатан ўз вақтида чек қўймоқда. Мисол учун, якка тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахс ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан уюштирилаётган суиқасд бўйича ариза билан мурожаат қилган. Унда 5 нафар шахсдан иборат уюшган гуруҳ 1,5 минг АҚШ доллари эвазига қотил ёллаб, уни қасддан ўлдириб беришга келишганини маълум қилиб, ёрдам сўраган.  

Алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига бундай жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш бўйича қатъий вазифалар қўйилган.

ИИВ ахборот хизматидан хабар беришларича, мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Пахтаобод тумани ҳудудида вилоят Ички ишлар бошқармаси вa Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида махсус тезкор тадбирлар ўтказилди.  

Аниқланишича, 1984 йилда туғилган, «Роналдо» лақабли  жиноий гуруҳ етакчиси муқаддам Жиноят кодексининг 105, 109, 167, 184, 189, 228, 276 va 277-моддалари билан  судланган.  

У 2000 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 168, 169, 277-моддалари билан 7 маротаба судланган ёлланма қотилга тадбиркорни қасддан ўлдириб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари бермоқчи бўлган. Шундан дастлаб 300 минг сўм пулни бераётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, «Роналдо» лақабли бу шахс бошчилигидаги жиноий гуруҳ аъзолари ҳам ушланди. 1984 йилда туғилган Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, муқаддам Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан судланган, лақаби «Главрач», кейингиси 1984 йилда туғилган муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан судланган лақаби «боксёр» ва 1984 йилда туғилган фуқаро ҳамда ўзларининг қабиҳ жиноий ҳаракатларига ёшларни ҳам  шерик қилган 2003 йилда туғилган тиббиёт институти талабаси ҳам тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Н.Абдураимова, ЎзА