Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди
18:52 / 2023-08-09

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан жойларда учраётган жиноятларни фош этиш, жиноятга қўл ураётган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи эркак ва аёл катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва бошқа вилоятлардаги танишларига сотаётгани аниқланди.

Самарқанд - Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Эпика” русумли автомашинада махсус харидорга 560 дона “Регапен” ва 100 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 56 миллион сўмга сотган шахс ҳақида маълумот тушиши билан хизмат ходимлари Булунғур туманида жойлашган йўл-патруль масканида “Эпика” русумли автомашинани тўхтатиб, текширди.

Автомашина юкхонасида икки қутидаги идишлар ичига яширилган 2 минг 800 дона “Регапен 300 mg”, 896 дона “Герика 300 mg”, 140 дона “Тропикамид”, жами 3 минг 836 дона умумий баҳоси 322 миллион 200 минг сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди.

Шунингдек, 1988 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида вақтинча яшовчи аёл ушланди. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ноқонуний муомаладан 367 миллион 920 минг  сўмлик “Прегабалин” ва “Тропикамид”, жами 4 минг 536 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси қўлга олинди.  

Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан Қўқон шаҳри ҳудудида кенг кўламли профилактик ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилди.  

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.  

1984 йилда туғилган Бувайда тумани Янгиқўрғон шаҳарчасида яшовчи шахс Қўқон шаҳри Ҳўқандий кўчасида махсус харидорга 13 минг АҚШ доллари эвазига 1 кг 30 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.  

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов  ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА