Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИИВ: гиёҳвандлик билан боғлиқ 6 минг 801 жиноят аниқланди
16:15 / 2023-06-26

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.

ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, аҳоли орасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш изчил давом эттирилмоқда.

Айниқса, ёшлар орасида истеъмоли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши профилактик ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.  

Хусусан, “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари тарқалишига қарши курашиш”, “Қора дори”, “Соғлом ҳаёт”, “Таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар бўлган, шунингдек, кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш”, “Соғлом ҳаёт”  номли кенг қамровли махсус профилактик тадбирлар янгича усулда бир неча босқичда ўтказилиши йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг февраль ойида ҳам аҳолининг ёш қатлами орасида тарғибот ишларига бағишланган “Ҳаётинг ўз қўлингда” номли бадиий-ҳужжатли фильм янгича ғоя асосида ишлаб чиқилди.

Тадбирларда ёшларимизни гиёҳвандлик гирдобига кириб қолишларининг олдини олиш, гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини уларнинг онгига сингдириш, ёш авлоднинг бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсад қилиб қўйилди.

Гиёҳвандлик воситалари истеъмолининг аянчли оқибатлари ҳақида турли хилдаги инфографика усулида тайёрланган 15 мингдан ортиқ буклет, ўн мингдан зиёд эслатма, ўн мингдан кўп флаерлар аҳоли гавжум бўлган аэропорт, йирик савдо марказлари, темир йўл вокзали ва савдо комплексларда тарқатилиб, бундай тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда.

Бу йўналишдаги тадбирлар жазони ижро этиш жойларидан қайтиб келган, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга мойил бўлган шахслар, нотинч оилалар ва уларнинг фарзандлари билан ҳам якка тартибда ўтказилмоқда.  

Аэропорт, вокзал, бозор, супермаркет, дўкон, чорраҳаларга жойлаштирилган видеомониторларда гиёҳвандликнинг аянчли оқибатини ёритувчи қисқа метражли видеороликлар намойиш этилиб, аксарият ёшлар ишловчи корхона ташкилот, маҳаллалар, қўшни давлатлар билан чегарадош бўлган қишлоқ ва овулларда гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш борасида тарғибот ишлари ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситаларининг кириб келиш ва тарқалиш каналларига тўсиқ қўйишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари ҳам жадаллаштирилиб, бу йўналишда хорижий ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик ривожлантирилди.

Натижада, 2021 йилда ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 6 минг  801 жиноят аниқланди, ноқонуний муомаладан 1,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари олиниб, умумий кўрсаткич 20 фоизга кўпайди.

Шундан 97 килограмм героин, 262 килограмм опий, 238 килограмм гашиш, 777 килограмм марихуана, 72 килограмм кўкнор, 22 килограмм назорат остидаги дори воситалари ва 7 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаларини ташкил этди.  

4 минг 200 квадрат метрдан ортиқ ер майдонида ўсаётган кўкнор ва каннабис ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинди.

Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқалишига қарши профилактик ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА