Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан бири – аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни тизимли равишда йўлга қўйишдан иборат.
Мазкур йўналишда ички ишлар органлари томонидан фуқаролар билан бевосита мулоқотни таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ва эҳтиёжларини атрофлича ўрганиш, келиб тушган ариза ва таклифларни қонунчилик талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов томонидан масъул раҳбарлар иштирокида фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилди.
Фуқаролар учун қулайлик яратиш, шунингдек, об-ҳаво шароити ва ҳудудий масофани инобатга олган ҳолда қабул Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун бевосита, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар аҳолиси учун эса ҳудудий ички ишлар органлари биноларидан видеоконференц-алоқа орқали онлайн тарзда ташкил этиш амалиёти давом эттирилди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги фаолиятига оид жами 351 мурожаат қайд этилди. Мурожаатларнинг асосий қисми мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, терговга қадар текширув ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари, шунингдек, кадрлар масалалари билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 53 фоизи қонунчилик талаблари асосида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича қўшимча текширув, соҳавий органлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар кўриш талаб этилгани сабабли, улар белгиланган тартибда назоратга олинди ва масъул шахсларга ижросини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан жойларда ўтказилган қабуллар давомида 433 мурожаат қабул қилинди.
Уларнинг 37 фоизи қабул жараёнида ижобий ҳал этилган бўлса, қолгани белгиланган тартибда қўшимча текширув ва назорат асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Сайёр қабул жараёнида аҳолини қизиқтираётган масалалар, ҳуқуқий муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА